Хитойнинг Чжухай шаҳрида автоҳалокат оқибатида 35 киши ҳалок бўлди, 43 киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда South China Morning Post.

Ҳодиса 11 ноябрь куни спорт маркази яқинида содир бўлган. Автомобилни Фан фамилияли 62 ёшли эркак бошқарган. У яширинишга уринганида қўлга олинган. Ҳозирда у ўзига етказган жароҳатлари туфайли кома ҳолатида шифохонада ётибди. Аниқлик киритилишича, эркак ўз жонига қасд қилишга уринган.

«Полициячилар Фанни топганда, у машинада бўлган ва пичоқ билан ўзини яралаган. Полициячилар уни дарҳол тўхтатиб, касалхонага жўнатишди. Бўйнидаги жиддий жароҳатлар туфайли Фан ҳушида эмас. Унга шошилинч ёрдам кўрсатилмоқда ва уни сўроқ қилишнинг имкони йўқ», — дея полиция баёнотидан иқтибос келтирди CNN.

BBC News хабарига кўра, эркак ва унинг хотини ўртасида ажрашишдан кейин мулкий низо келиб чиққан, сўнг у одамлар тўпланиб турган жойга боришга қарор қилган.

Гувоҳнинг сўзларига кўра, ўша пайтда спорт маркази ҳудудида бир неча гуруҳ одамлар бор эди. Жабрланганлар орасида кексалар, ўсмирлар ва болалар кўп.