Тошкентда маст ҳолда келинига шаҳвоний шилқимлик қилиб, уятсиз сўзлар ишлатган қайнота 5 суткага қамалди.
Тошкентда маст ҳолатда келинига шилқимлик қилган қайнота нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
11 ноябрь куни Тошкент шаҳри Учтепа туман жиноят ишлари бўйича судида Х.У.га (эркак) нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилди. Суд Х.У.га МЖтКнинг 41-1-моддаси 1-қисми ва 194-моддасининг 1-қисми бўйича ҳукм ўқиди.
Маълум бўлишича, Х.У.нинг келини У.Х. ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиб, қайнотаси 2024 йил 10 ноябрь куни маст ҳолатда унга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилгани ва уятсиз сўзлар ишлатгани ҳақида хабар берган. Бу ҳолатни ўрганиш учун ИИО ходимлари Х.У.ни сўроққа чақиришган, аммо у қонуний талабларга бўйсунмасдан боришдан бош тортган.
Суд мажлисида Х.У. айбига қисман иқрорлик билдириб, воқеа куни бироз маст бўлганини ва келини У.Х.га нисбатан номақбул хатти-ҳаракат содир этганини тан олди. Суд ушбу ҳолатни инобатга олиб, Х.У.ни МЖтКнинг тегишли моддаларига мувофиқ 5 сутка маъмурий қамоқ жазосига маҳкум қилди.