Президент Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрига амалий ташриф доирасида Яшил иқлим фонди ижрочи директори Мафальда Дуартени қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатишга қаратилган қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жамғарма томонидан Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари салоҳиятини ривожлантириш ва миллий мослашув режаларини ишлаб чиқишга кўмак кўрсатилаётгани юқори баҳоланди.
Ҳозирги кунда қўшма лойиҳалар портфели 160 миллион долларни ташкил этиб, сув ресурсларини бошқариш, “яшил” энергетикани ривожлантириш, “яшил” молиялаштириш ва бошқа бир қатор йўналишларни қамраб олган. Бундан ташқари, 5 миллиард долларлик иккита минтақавий ва 500 миллион долларлик учта миллий лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.
Инновацион кўкаламзорлаштириш ва ерларни барқарор бошқариш, Оролбўйидаги ижтимоий-экологик вазиятни яхшилаш дастурларини амалга ошириш орқали шерикликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCО) бош директори Салим ал-Маликни қабул қилди.
Амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма гуманитар лойиҳаларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.
ICESCО билан ҳамкорлик бўйича миллий комиссияни тезроқ тузиш муҳимлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Глобал ўзгаришлар институти раиси Тони Блэр билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон—Британия муносабатларини янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, Тони Блэр раҳбарлик қилаётган Глобал ўзгаришлар институти билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Собиқ бош вазир Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини юксак баҳолаб, уларни амалга оширишда эксперт-маслаҳат кўмагини таклиф этишга тайёрлигини билдирди.
Институт билан биргаликда транспорт йўлакларини ривожлантириш, янги бозорларга чиқиш, халқаро тўлов тизимларини жорий этиш, инвестиция сиёсати самарадорлигини ошириш ва бошқа соҳалар ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида қайд этилди.
Шерикликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш учун тегишли идоралар экспертлари даражасида қўшимча учрашувлар ўтказишга келишиб олинди.
Президент Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Боку шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (CОP29) доирасидаги Жаҳон етакчилари саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Унда давлат раҳбари қатор ташаббусларни илгари сурди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев иқлим бўйича саммит доирасида Европа кенгаши раиси Шарль Мишель билан учрашди. Ўзбекистоннинг Европа иттифоқи билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон етакчиси CОP29 саммити доирасида Финляндия президенти Александр Стубб билан ҳам учрашув ўтказди. Унда 2025 йил январь ойида Хелсинки шаҳрида бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес форумига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев ҳамда Черногория президенти Яков Милатович ўртасидаги учрашувда ҳукуматлараро комиссия тузиш ва унинг биринчи йиғилишини келгуси йилда Тошкент шаҳрида бизнес форуми билан биргаликда ўтказиш таклиф этилди.
Ўзбекистон етакчиси, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо ҳамда Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир билан ҳам музокаралар ўтказди.