Франция олтита Mirage 2000-5 русумли қирувчи самолётларини Украинага етказишни режалаштирмоқда.
Франция Миллий ассамблеяси депутати Франк Жилетти парламентнинг миллий мудофаа ва мамлакат қуролли кучлари қўмитасига тайёрланган маърузасида бу ҳолатни танқид қилди.
“Қисқа муддатда олтита Mirage 2000-5 самолётининг Украина ҳарбий-ҳаво кучларига топширилиши ва у билан боғлиқ тўлиқ қўллаб-қувватлаш модели бизнинг қирувчи самолётларимизнинг индивидуал форматини янада заифлаштиради”, дейилади Миллий ассамблея веб-сайтида эълон қилинган ҳужжатда.
Жилетти Франциянинг бу ҳаракати ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа миссияларини бажариш қобилиятига таъсир қилишига хавотир билдирди.
Макроннинг баёноти
“Франция президентининг 2025 йилда бир нечта Mirage 2000-5 самолётлари Украина қуролли кучларига берилиши ҳақидаги сўнгги баёноти потенциал етишмовчиликни янада кучайтиради”, деб таъкидлади депутат.
Шу сабабли у илгари буюртма қилинган Рафале қирувчи моделларини қўшинларга топшириш муддатини қисқартиришни сўради.
Шу билан бирга, у самолётларни ишлаб чиқариш жадвали ҳали ҳам ҳарбий иқтисодиёт кутилмаларини қондиришдан анча йироқ эканини таъкидлади.
Норвегиянинг Украинага ёрдами
Норвегия мудофаа вазири Бьорн Арилд Грам октябрь ойи охирида F-16 қирувчи самолётларининг жанговар қобилиятини сақлаб қолиш учун Киевга 118 миллион доллар ажратилишини маълум қилди.
Осло 2024—2025 йилларда Украинага олтита F-16 самолётларини етказиб бермоқчи. Шунингдек, украиналик учувчиларни Данияда ўқитишга ёрдам бериш режалаштирилган.
Сентябрь ойида Норвегия ҳукумати Украинага йиллик ёрдам кўрсатиш муддатини 2030 йилгача узайтирди ва бу мақсадлар учун ҳар йили қўшимча 475 миллион доллар ажратишини маълум қилди.