Жиззах вилоятида кўп миқдордаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди, деб хабар бермоқда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» матбуот хизмати.

«Ўзэнергоинспекция»нинг вилоят ҳудудий бошқармаси, Бош прокуратура департаменти ва ДХХ ҳамкорлигида назорат тадбири ўтказилган. Унда аниқланишича, Шароф Рашидов туманида фуқаро С.Ў.га тегишли дарвоза ясаш цехида электр қурилмалари (қуввати 16,3 кВт) шартномасиз, ҳисоблагичдан ташқари электр тармоғига уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.

Ушбу қоидабузарлик оқибатида, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 160 миллион сўмлик зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.