Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда оммавий тартибсизликларни тайёрлаш ва ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга уринган гуруҳнинг етти нафар аъзоси ҳибсга олинганини эълон қилди.
Уларга нисбатан оммавий тартибсизликлар уюштириш айби бўйича жиноий иш очилган. Жорий йил 17 ноябрь куни Қирғизистонда муниципал кенгашларга сайловлар бўлиб ўтиши режалаштирилган.
“Бишкек чеккасида бошқа мусобақалар қатори спорт ўйинлари ҳам ўтказилиши режалаштирилган эди. Қўлга олинган гумонланувчилар сайлов куни шу тадбирларда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга чақиришни, конституцияга зид талабларни илгари суришни ва вазиятни беқарорлаштиришни мақсад қилган”, дейилади Қирғизистон ички ишлар вазирлиги сайти хабарида.
Граната, тўппонча, ароқ ва 1 тонна гуруч
Қўлга олинганлар орасида Қирғизистон фуқаролари ҳам, хорижликлар ҳам бор. Тинтувлар чоғида улардан жанговар граната, тўппонча, учта квадрокоптер, шунингдек, 1 минг шиша “оломонни маст қилиш учун ароқ”, бир тонна гуруч ва бир от топилди.
Қирғизистон расмийлари 2024 йил бошидан бери учинчи марта ҳокимиятни эгаллашга уриниш ҳақида хабар беришди. Январь ойида Республика президенти Садир Жапаров “илгари ғазнадан ўғирлаб, солиқ тўлашдан бўйин товлаганлар” томонидан тайёрланаётган давлат тўнтаришининг олди олингани тўғрисида эълон қилган эди.
Июль ойида мамлакат разведка хизматлари тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни эгаллашни мақсад қилган бир гуруҳ одамларнинг режалари амалга ошмай қолгани ҳақида хабар берганди.
50 миллион долларга тушган “лола инқилоби”
Қирғизистон собиқ президенти Аскар Акаев ҳокимиятдан четлаштирилганидан кейин деярли 20 йил ўца ҳам, АҚШни мамлакатдаги давлат тўнтаришида айблаб келмоқда. У 80 ёшга тўлиши арафасида “Российская газета”га интервью берди. Акаев 2005 йилдаги воқеалар, яъни у оиласи билан мамлакатдан қочиб кетган пайтни эсга олди.
“Мутахассислар 10 дан 50 миллион долларгача бўлган турли миқдорларни айтади. Нима бўлган тақдирда ҳам, ‘лола инқилоби’ АҚШга анча арзонга тушган, аммо Қирғизистон халқига жуда қимматга тушди: деярли 15 йиллик беқарорлик ва тартибсизлик, шунингдек, иқтисодий турғунлик. Бу йиллар ҳақли равишда ‘йўқолган ўн йиллик’ деб номланади”, деди у.