Фарғона вилоятида коррупцияга қарши курашувчи мансабдор ходим ушланди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

ДХХ ва Бош прокуратура департаменти тезкор тадбирида «Фарғона вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»нинг коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат бўлими бошлиғи қўлга олинган.

Аниқланишича, у туманлардан бирининг электр тармоқлари корхонаси бош муҳандисидан 9 ойлик фаолияти давомида йўл қўйган камчиликлари учун ишдан бўшатилмаслиги эвазига 1000 доллар олган.

Терговга қадар текширув давомида ушбу ноқонуний ишга ЭТКнинг ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи ҳам алоқадор экани маълум бўлган.

Ҳозирда мазкур икки шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «а» банди (Кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28,211-моддаси 1-қисми (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.