Исроил мудофаа кучлари Ливанда “Ҳизбуллоҳ”нинг ракета имкониятларини йўқ қилишга қаратилган қуруқликдаги операциянинг иккинчи босқичини бошлади.
Бу ҳақда Исроилнинг “Маарив” газетаси армиядаги манбаларга таяниб хабар берди.
“Ливан жанубида қуруқликдаги операциянинг иккинчи босқичи бошланди, операциядан мақсад ‘Ҳизбуллоҳ’нинг ракета қуролларини йўқ қилиш, шунингдек, гуруҳга қўшимча босим ўтказишдир”, дейилади хабарда.
90 га яқин дрон
Қайд этилишича, Исроил ҳарбий кучлари нафақат Ливан жанубида, балки Байрут ва Бекаа водийсида ҳам ҳаракат қилиб, “Ҳизбуллоҳ”нинг қурол-яроғ омборларини йўқ қилмоқда. Сўнгги бир ой ичида “Ҳизбуллоҳ” Исроил ҳудудига 90 га яқин дрон учирган, уларнинг аксарияти тутиб олингани хабар берилмоқда.
Исроил 1 октябрдан бери Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ” кучларига қарши қуруқликдаги операция ўтказмоқда ва қўшни давлатни ҳаводан бомбардимон қилмоқда.
Кац баёноти
Кеча, 11 ноябрь куни Исроилнинг янги мудофаа вазири Исроил Кац “Ҳизбуллоҳ” аллақачон мағлуб бўлганини айтиб ўтди.
“ ‘Ҳизбуллоҳ’ етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг Исроил армияси томонидан сентябрь ойи охирида йўқ қилиниши Исроилнинг Ливан исломчиларига қарши курашида асосий ютуғига айланди”, деди мудофаа вазири.
“Бизнинг вазифамиз бу ғалабанинг мевасини олиш учун босимни давом эттиришдир”, деди Кац.
Унинг сўзларига кўра, Исроил Ливаннинг ички сиёсатига аралашишдан манфаатдор эмас.
“Дипломатик келишув бўлмайди”
“Ҳизбуллоҳ” гуруҳининг янги тайинланган раҳбари Наим Қосим Исроил билан дипломатик келишув бўлмаслигини айтди.
“Уруш Исроил Ливанга қарши тажовузини тўхтатгандагина тугайди ва шундагина биз Ливан парламенти раҳбари Набих Берри воситачилигида билвосита музокараларга рози бўламиз”, деди Наим Қосим.