Инсониятнинг коинотга чиқишга қизиқиши «совуқ уруш» давридаёқ бошланган эди. Фазо кемаларининг ривожланишига эса Иккинчи жаҳон урушида Германия технологлари томонидан яратилган В2 ракетаси туртки бўлган.
1957 йилда СССР Ер орбитасига илк бор «Спутник» сунъий йўлдоши учирди.
Aйнан ушбу воқеа фазо кемаларининг пойгасини бошлаб берди. Боиси қуроллар пойгасидаги Кремлнинг амалдаги рақиби AҚШ ҳам айнан ўша йилларда коинотга олиб чиқадиган техника устида иш олиб борарди. Дастлабки икки муваффақиятсизликдан сўнггина, 1958-йилда Қўшма Штатлар ҳам ўз фазовий «Explorer» сунъий йўлдошини учирди.
Собиқ СССРнинг ғалабали серияси шу тарзда давом этди. Спутник учирилганидан бир ой ўтиб, 1957 йил 3 ноябрда советлар иттифоқи янада таъсирчан космик ташаббусга эришди. Бу тирик мавжудот, Лаика исмли итни фазога олиб чиққан Спутник II сунъий йўлдоши эди.
Космосдаги биринчи одам Совет космонавти Юрий Гагарин бўлиб, у 1961 йил 12 апрелда 108 дақиқа давом этган парвозда Ер атрофида бир марта айланиб чиқди.
Уч ҳафтадан сал кўпроқ вақт ўтгач, NASA астронавт Aлан Шепардни орбитал парвозда эмас, балки суборбитал траектория бўйича коинотга учирди, бу парвоз космосга чиқса-да, лекин бутун Ерни айланиб чиқмайди. Шепарднинг суборбитал парвози атиги 15 дақиқадан кўпроқ давом этди.
Бундан кейинги қадамлар эса инсониятни Ойга олиб чиқди ва шу билан ўтган 60 нчи йилларда космик кемалар рақобати бошланди.
Биринчи сунъий йўлдош учирилишидан олдин ҳам AҚШ раҳбарлари коинотдан бутун дунё бўйлаб ҳарбий ҳаракатларни кузатиш қобилияти миллий хавфсизлик учун бойлик бўлишини таъкидлашган. 1960 йилда ишга туширилган фоторазведка сунъий йўлдошларининг муваффақиятидан сўнг, Қўшма Штатлар тобора мураккаб кузатув ва электрон тутувчи разведка сунъий йўлдошларини қурди. Совет Иттифоқи ҳам тезда бир қатор разведка сунъий йўлдошларини ишлаб чиқди. Разведка маълумотларини тўплайдиган сунъий йўлдошлар қурол назорати бўйича келишувларни текшириш, ҳарбий таҳдидлар ҳақида огоҳлантириш ва ҳарбий амалиётлар пайтида нишонларни аниқлаш ва бошқа мақсадларда ишлатилган.
Хавфсизлик имкониятларини тақдим этишдан ташқари, сунъий йўлдошлар ҳарбий кучларга алоқани яхшилаш, об-ҳавони кузатиш, навигация, вақт ва жойлашувни аниқлаш имтиёзларига ҳам эга эди. Бу эса юқоридаги икки давлатнинг космик кемалар дастурларини катта миқдорда молиялаштиришларига олиб келди. Бироқ халқаро шартнома ва битимларга бўйсунган ҳолда, сунъий йўлдошлардан фақатгина инсоният ҳаётига хизмат қилиш учун фойдаланишга рухсат берилади, яъни фазовий кемалар ҳеч қандай ҳарбий манфаатлар учун учирилмайди.
2000 йилларга келиб инсониятнинг фазога қизиқиши нафақат астронавтлар, балки ҳаваскор туристларни ҳам четлаб ўтмади. 2001 йилда америкалик бизнесмен Деннис Тито фазога саёҳат учун учган биринчи сайёҳ бўлди. Миллионер фазодаги 8 кунлик саёҳат учун 20 млн. доллар сарфлаган, бироқ Тито бугунгача яна бир бор фазога бориб келишга тайёр эканлигини таъкидлайди.
Шундан сўнггина, ҳасавкор астронавтлар, яъни миллионер сайёҳларда фазода таътилларини ўтказиш ғояси пайдо бўлди.
Фазога қисқа муддатли саёҳатни ташкил қилувчи шахсий компаниялар, хусусан, Илон Маскнинг «SpaceX», Жефф Безоснинг «Blue Origin» ва Ричард Брансоннинг «Virgin Galactic» компаниялари ўз космик туризм таклифларини тақдим этишни бошлади. Ушбу компаниялар фазога бир неча кунлик ёки бир неча соатлик қисқа суборбитал саёҳатни таклиф қилишмоқда. Суборбитал парвозлар Ер куррасини тўлиқ айланмайди, балки маълум масофага кўтарилиб, кейин траекториясини ўзгартириб Ерга қайтиб келади. Орбитал парвозлар эса Ерни тўлиқ айланиб чиқади ва бу турдаги парвозлар бир неча ойлаб давом этиши мумкин.
Инсоният яралганидан буён жами 600дан ортиқ инсонлар фазодан туриб Ер куррасини кўришга муваффақ бўлишган. Фазо туризмидаги асосий талаб ва хоҳиш ҳам айнан шу – Ер юзини бошқа ўлчовдан туриб томоша қилиш. Шунингдек, самода гравитация кичик рақамларда мавжуд бўлгани учун, фазогирлар гўёки учиб юришади. Бу эса вазнсизликни ҳис қилишга ишқибоз бўлганларни янада ўзига жалб қилади. Ушбу турдаги туризмнинг яна бир ўзига хослиги тадқиқот учун имконият яратилишидадир. Олимлар бошқа сайёралардаги ҳаёт ёки Ер атрофидаги юлдузлар ҳаракати ва шунга ўхшаш бошқа табиий самовий ҳодисаларни ўрганишдаги амалий ёрдамга муҳтож. Яъни фазо туризми учун ўз номзодини таклиф қилганлар, албатта, маълум ва катта миқдорда пул тўлашади. Бу пуллар эса фазо кемаларини қуриш, назорат қилиш ва умуман ушбу жараёндаги ишлар учун сарфланади. Тадқиқотчилар эса ҳақи тўланган транспортда самога бориб (ёки қанақадир смарт техника орқали) изланишларини давом эттиради.
Aфсуски, бу турдаги саёҳатларни ёқламайдиган тадқиқотлар ва исботлар ҳам бор. Биринчидан, ҳар бир фазо кемаси озон қатламини ёриб ўтишига тўғри келади. Бу эса келгусида Қуёшнинг ултрабинафша нурларидан ҳимоя қилиб турган қобиғнинг емирилишига ва зарарли нурлар тўғридан-тўғри инсонлар саломатлигига таъсир қилишига олиб келади. Баъзи экспертлар озон қатламининг доимий емирилишига фазо кемаларидан қоладиган кимёвий моддалар ва газларни сабаб қилиб кўрсатишмоқда ҳам. Кейинги ўринда эса космик чиқиндилар туради. Қизиқ томони, ҳа, фазода ҳам чиқиндилар бор ва булар инсоният илк фазога чиққан 1950 йилдан кейин пайдо бўла бошлаган. Aниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, космик ракеталар парвозининг ҳаммаси ҳам муваффақиятли бўлавермайди. Қолаверса, фазо кемаларининг айрим турлари маълум бир масофага етиб борганидан (ёки атмосфера қобиғидан чиққанидан) сўнг қайсидир қисмларидан фазода халос бўлади. Бу жараёнлар ўз-ўзидан самода чиқиндилар йиғлишига олиб келган. Шу кунга қадар умумий ҳисобда 5000 та сунъий йўлдошлар фазога учирилган бўлса, улардан 2000 таси айни дамда самода ҳаракатланмоқда. Қолган 3000 таси эса аллақачон чиқиндига айланган.
Космик чиқиндиларнинг Ерга қайтиб тушиши амримаҳол. Улар фазовий жисмларнинг тортишиш кучига қўшилиб Ер куррасини айланиб юришади. Aтмосфера қобиғига етиб келганида эса улар ёниб кетади, яъни Ерга қайтиб тушмайди. Ҳайратланарлиси шундаки, орбитадаги 34000 чиқинди бўлакларининг ўлчами 10 см.дан катта ва бу ҳажм улар билан тўқнашган бошқа жисмнинг зарарланишига сабаб бўлади. Космик саёҳатлар энг мукаммал дастурлар ва ҳисоблаш техникалари орқали амалга ошириладиган бўлса ҳам, фазовий жисмларнинг ҳаракати беқарор. Бу эса бир неча кишилик фазо кемасига қайсидир космик чиқиндининг тўқнашишига сабаб бўлиши мумкин.
Тарихан космик саёҳатларнинг ҳаммаси ҳам ўз миссиясини муваффақиятли якунламаган. 1986 йилда «Challenger» фазо кемаси Ердан кўтарилиб, бир неча дақиқа ичида атмосферада кулга айланади. Оқибатда эса кема бортида бўлган етти нафар астронавтларнинг ҳаммаси ҳалок бўлди. Фалокатга кеманинг кичик носозлиги сабаб бўлган. Умумий ҳисобда эса шу кунгача 20 дан ортиқ фазогирлар Ерга қайтиб келмаган. Фазо саёҳатига йўл олишда сайёҳлар, албатта, хавф даражасининг катта қисмини ўз бўйнига олиб учишларига тўғри келади. Ҳеч қайси космик компаниялар Ерга қайтиб келишни кафолатламайди.
Хулоса ўрнида, космик саёҳатлар туризмнинг янги тарихини ёзиши мумкин. Ҳозирча эса бу турдаги таътилларни фақатгина миллардер бизнесменларнинг чўнтаги кўтаради. Бироқ космик кема ишлаб чиқарувчи хусусий компанияларнинг кўпайиши ва келажак туризмидаги рақобат келгуси бир неча ўн йиллар ичида фазога саёҳат қилишни оддий инсонлар учун ҳам арзонлаштиришга сабаб бўлади. Дейлик, сиз Ню-Йоркка бориб келадиган пулингиз билан Ер куррасини орбитадан 15 дақиқага томоша қиласиз.
Барно Дусиярова, журналист