Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон раҳбарлари “яшил” энергияни ривожолантириш ва узатиш лойиҳасига старт берди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 13 ноябрь куни CОП29 саммити доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида “яшил” энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергия иқтисодий мақсад эмас, балки келажакка қўшилаётган ҳисса, келгуси авлодлар олдидаги масъулият туйғусининг натижаси эканлигини таъкидлади.
Лойиҳанинг экологик аҳамияти алоҳида қайд этилди. Узатиладиган энергия — бу шамол ва қуёш энергияси бўлиб, қайта тикланадиган ва тоза манба ҳисобланади ҳамда иқлимга таъсирни юмшатиш имконини беради. Шу орқали томонлар Париж битими ва Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида иқлимни муҳофаза қилиш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда.
Мамлакатлар қайта тикланувчи энергиянинг катта захираларига эга бўлиб, глобал энергетик ўзгаришларга салмоқли ҳисса қўшиши мумкинлиги таъкидланди. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев бу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг муҳим жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтди.
“Яшил” энергетикани жадал ривожлантириш бўйича катта дастур қабул қилинган. Ўзбекистонда ҳар йили 2 гигаваттга яқин қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилмоқда. Бундан ташқари, 2024 йил охиригача тармоққа қўшимча 2,6 гигаватт қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш қувватлари ва 300 мегаваттли энергия сақлаш тизимлари уланади.
2030 йилга келиб қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 40 фоизга етказиш, шунингдек, 4,2 гигаваттлик энергия сақлаш тизимларини яратиш режалаштирилган. Ишга туширилаётган лойиҳанинг иқтисодий самарасини барча иштирокчилар ҳис этишига ишонч билдирилди.
“Ўн минглаб янги иш ўринлари яратилади, энергетика инфратузилмаси ривожланади, технологик ва ишбилармонлик алоқалари кенгаяди. Энг муҳими, аҳоли турмуш даражаси ошади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш, жумладан, қўшма корхона ташкил этиш, техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва келишиш ва бошқа тартиб-таомилларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди. Якунда давлати раҳбари Ўзбекистоннинг ушбу минтақавий лойиҳани биргаликда амалга оширишга интилиши қатъий эканини тасдиқлади.
2023 йилнинг ноябрида Бокуда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон вазирлари уч томонлама учрашуви бўлиб ўтганди. Унда томонлар Озарбайжон орқали Марказий Осиё давлатларидан Европага электр энергиясини экспорт қилиш имкониятларини кўриб чиққан. Оъзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон Европага “яшил” энергия экспорт қилиш бўйича техник шартларни тайёрлашга, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш учун қўшма корхона яратиш истиқболларини ўрганишга келишилганди.
Энергетика вазирлиги раҳбари Жўрабек Мирзамаҳмудов Каспий денгизи туби бўйлаб электр кабелини ўтказиш бўйича Қозоғистон—Ўзбекистон—Озарбайжон қўшма уч томонлама лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилса, Ўзбекистон 2030 йилдан бошлаб ортиқча электр энергиясини Европага экспорт қила олишини айтганди.