Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ўзтемирйўлконтейнер» акциядорлик жамияти акцияларининг бир қисми хусусийлаштирилганини эълон қилди.
«Ўзбекистон темир йўллари» таркибига кирувчи «Ўзтемирйўлконтейнер» корхонасининг 35 фоиз акциялари бўйича ўтказилган савдоларда 200 миллиард сўм таклиф этган Cotton Logistics компанияси ғолиб чиқди. Қайд этилишича, харидорнинг таклифи «корхонанинг баҳоланган қийматидан юқори».
Агентлик маълумотларига кўра, келишувни қўллаб-қувватлаган Alkes Research консалтинг компанияси турли потенциал инвесторларга инвестиция тизерларини юборган. Натижада МДҲ, Жануби-Шарқий Осиё, Европа ва араб давлатларидаги 6 нафар халқаро ва маҳаллий инвестор томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар келиб тушган.
Кейинги босқичга 5 нафар талабгор ўтган ва фақат 3 нафари ўз таклифларини тақдим қилган.
Маълум қилинишича, Cotton Logistics компанияси корхонанинг бизнес жараёнларини рақамлаштириш ва республиканинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, юк ташишда таннарх ва харажатларни камайтириш, шунингдек, корхона фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув тизимларини жорий этиш ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш режалаштирилган.
Давактив тўлов қандай шаклда: тўлиқ ёки бўлиб-бўлиб амалга оширилишини келтирмаган.
Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ «Халқчил IPO» дастури доирасида «Ўзтемирйўлконтейнер»нинг 4 фоиз акцияларини маҳаллий фонд бозорида оммавий таклифи ўтказилиши белгиланган.
Корхона ҳақида
Spot нашрининг ёзишича, «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ 2002 йилда «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг ихтисослаштирилган шуъба корхонаси сифатида ташкил этилган. У давлат компаниясининг контейнер паркини бошқаради ва Ўзбекистонда контейнер юк ташишни ташкил этиш бўйича хизматлар кўрсатади.
Президент томонидан 2023 йил баҳорида тасдиқланган хусусийлаштириш дастурида ЎТЙнинг «Ўзтемирйўлконтейнер»даги улуши сотилиши кўрсатилган. Контейнер парки оператори акцияларининг 4 фоизини «Халқчил IPO» орқали сотиш режалаштирилган.
Акцияларни сотиб олиш учун аризаларни қабул қилиш ўтган йилнинг сентябрь ойида бошланган. Бироқ орадан бир ой ўтмай, ДАБА ЎТЙни қайта ташкил этиш жараёни давом этаётгани сабабли унинг таркибида «Ўзтемирйўлконтейнери» негизида «Темирйўлкарго» компанияси ташкил этилиши муносабати билан жараённи тўхтатган.
2023 йилда «Ўзтемирйўлконтейнер»нинг соф фойдаси 137,7 млрд сўмни ташкил этган.
Харидор ҳақида
Cotton Logistics 2015 йилда ташкил этилган бўлиб, 1 млн тоннадан ортиқ юк айланмаси ва 480 та вагондан иборат шахсий ҳаракат таркиби паркига эга Ўзбекистондаги энг йирик транспорт-логистика компанияларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, компания бошқарувида 1000 дан ортиқ ҳаракат таркиби мавжуд.
Компания сайтидаги маълумотларга кўра, бошқарилаётган вагонлар Ўзбекистондан МДҲ, Европа Иттифоқи, Туркияга (жумладан, портлар ва паромлар орқали) экспорт қилинадиган минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, қуритилган мевалар, ёнғоқлар, дуккаклилар ва бошқа юкларни ташишда фойдаланилади. Қарама-қарши йўналишда вагонлар Россия, Қозоғистон, Ўзбекистондаги юкларни (полиетилен, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, бўёқлар, қоғоз, шиналар, дори-дармонлар, қурилиш ва ёғоч материаллари, металл конструкциялар, пўлат бланкалар, қувурлар, кўмир ва бошқалар) ташиш учун ишлатилади.
Cotton Logistics компанияси «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан тўғридан-тўғри шартномага эга. Компания ўзининг ҳаракатланувчи таркиби паркини шакллантирган ва Ўзбекистонда биринчи қуруқ порт — First Dry Port Terminal яратиш лойиҳасини амалга оширган.
Cotton Logistics компаниясининг ягона асосчиси Шуравина Екатерина Владимировна, раҳбари Павел Викторович Джураев ҳисобланади.
Компаниянинг First Dry Port Terminal`даги улуши 69,3 фоизни ташкил этади, қолган 30,7 фоизи hh.uz маълумотларига кўра, Туркманистон (Туркмендемиреллари) ва Ўзбекистоннинг («Ўзбекистон темир йўллари») расмий юк агенти бўлган Transit Group OU`га тегишли.