Қашқадарё вилоятининг тоғли ҳудудлари 13 ноябрь куни оппоқ қорга бурканди.
Хусусан, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Кул қишлоғида қалин қор ёғди. “Дарё” муштарийининг маълум қилишича, айрим жойларда қор қалинлиги 30 сантиметрга етган.
Ижтимоий тармоқларда ҳам Қашқадарёнинг қатор ҳудудларида ёққан қор суратлари улашилди.
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани тоғли Шахшор қишлоғидаги айни тонгги қорли манзара.
Вилоятнинг Шаҳрисабз тумани тоғли Ғэлон қишлоғи манзараси.
Қамчиқ довони ҳам қор билан қопланди. Довонда автотранспорт воситаларининг тўхтовсиз икки томонлама ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида, сирпанчиқ бўлмаслиги учун йўл қопламасини қордан тозалаш ва қум-туз аралашмаси сепиш ишлари амалга оширилди.
Наманган вилояти Поп тумани тоғли “Имонота” МФЙ Парда-Турсин ва Қўрнос ҳудудлари учун ҳам мавсум учун илк қор ёғиш ҳодисалари кузатилди.
Жиззах вилоятининг Зомин ҳудудини ҳам қор қоплади.
Ўзбекистонга 13 ноябрь куни нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келганди. “Ўзгидромет” шу куни тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир, қор ёғишини, баъзи жойларда кучли бўлишини прогноз қилганди.