Украинада келгуси президент сайловига тайёргарлик бошланди, тахмин қилинаётган сана — 2025 йил 25 май, деб ёзади Британиянинг Economist нашри.
Газетанинг таъкидлашича, Украина президентининг офиси овоз беришга тайёргарликни рад этмоқда ва нашр билан суҳбатлашган манбаларнинг аксарияти унинг бўлишига шубҳа билан қарайди. Уруш пайтида ушбу жараённинг ташкил этилиши ва қонунийлиги ҳақида саволлар мавжуд, деб таъкидлайди Economist.
«Шунга қарамай, маълум бир тайёргарлик ишлари бошланганга ўхшайди», — дейилади хабарда. Нашр маълумотларига кўра, ҳудудий сайлов штаблари сафарбар қилинмоқда, номзодлар рўйхати ҳам тайёрланмоқда.
Президент Владимир Зеленскийнинг «эҳтимолий рақибларидан бири»нинг вакиллари Украинага сайловлар кераклигини айтмоқда, аммо улар «президент офисининг кескин муносабатидан қўрқиб, бу ҳақда очиқ баёнот беришдан чўчияпти».
Агар сайлов эртагаёқ ўтказилса, Зеленскийга 2019 йилда рақиби Пётр Порошенко бўлган пайтда эришган ишончли ғалабасини «такрорлаш қийин бўларди», деб ҳисоблайди нашр. Economist томонидан ўтказилган ички сўровларга кўра, Зеленский иккинчи турда Украина Қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони Валерий Залужнийга қарши пастроқ натижаларни кўрсатган бўларди. У шу йилнинг февраль ойида лавозимини тарк этган ва Буюк Британиядаги элчи этиб тайинланган. Залужнийнинг ўзи, гарчи кўпчилик уни президентликка номзодини қўйишга чақирса-да, сиёсий амбициялари ҳақида гапирмаган, дея қайд этади газета.
Шу билан бирга, агар Зеленский бошқа мухолифат номзодларига қарши қўйилса, унинг қайта сайланиш эҳтимоли юқори бўлади. Амалдаги президентнинг собиқ ҳамкасби, Зеленский қабул қилиши мумкин бўлган энг яхши қарор — истеъфога чиқиш ва президентлик лавозимида фақат бир муддат қолиш ҳақидаги дастлабки ваъдасини бажариш эканини айтди.
«Зеленскийда доғ тушмаган обрў билан кетишнинг ягона йўли бор. Бу ўз иштирокисиз сайлов ўтказиш ва урушда миллатни бирлаштирган инсон сифатида тарихга киришдир», — дея тушунтирди у.
Нашрнинг таъкидлашича, бунинг муқобили ҳарбий инқироз ёки тўлиқ бўлмаган тинчлик билан боғлиқ бўлиши мумкин. Сўнгги ойларда кузатилаётган фронтдаги вазиятнинг ёмонлашиши Украина жамиятининг кайфиятига таъсир қилмоқда. Украина расмийлари, шунингдек, АҚШ президенти сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп Киевни тинчлик музокараларига рози бўлишга мажбурлаши мумкинлигидан хавотирда, бунда Украинанинг НАТОга аъзолиги бекор қилинади ва Россия босиб олинган ҳудудлар устидан назоратни сақлаб қолади.
- Украинада президентлик сайлови 2024 йил 31 март куни ўтказилиши керак эди, бироқ мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий қилингани сабабли бундай бўлмади. Зеленский ўтган йилнинг ноябрь ойида «ҳозир сайловлар вақти эмас», «ҳозир мудофаа вақти, жанг вақти» деган эди. Украиналиклар ўртасида ўтказилган сўровлар шуни кўрсатдики, аҳолининг аксарияти уруш тугагунга қадар сайловларни ўтказишга қарши.