Президент Боку шаҳрида ўтаётган БМТнинг иқлим саммитида (COP29) Ўзбекистон Миллий павильони билан танишди.
Шавкат Мирзиёев COP29даги Ўзбекистоннинг Миллий павильонини кўздан кечириб, унинг концепцияси ҳамда саммит доирасида ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар ҳақида ахборот олди.
Павильоннинг асосий ғояси Ўзбекистоннинг маданий мероси ва экология соҳасидаги барқарор ёндашувларини намойиш этишдир. Унинг дизайни анъанавий ўзбек уйлари ва ҳовлиларига асосланган бўлиб, «Ички барқарорлик» тамойилини ўзида акс эттиради.
Қайд этиш керак, Павильон экологик материаллар — сомон сувоқ ва ёғочдан бунёд этилган. Айвон ва сўри элементлари уйғунлик ва барқарорликни акс эттиради. Табиат билан уйғунликка эътибор қаратилиб, қулай микроиқлим яратилади.
Павильон Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги ташаббусларини, жумладан, Оролбўйи минтақаси экологик муаммоларини ҳал қилиш, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш каби саъй-ҳаракатларини кўрсатиш имконини беради.
Саммит давомида павильонда қуйидаги йўналишларда 20 дан ортиқ тадбир ўтказилиши кутилаяпти:
- Оролбўйи минтақасида ижтимоий-экологик муаммоларни ҳал қилиш;
- Яшил технологияларни жорий этиш;
- Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш;
- Биохилма-хилликни асраш.
COP29 саммити иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал масалаларни муҳокама қилиш учун дунёнинг барча мамлакатларидан сиёсатчи, олим ва экспертларни бир жойга тўплайди. Ўзбекистоннинг саммитда фаол иштироки минтақавий муаммоларни халқаро миқёсда муҳокама қилишда муҳим аҳамият касб этади.