«Dunyouzbeklari.Com» YouTube’даги ўзбекистонлик контент муаллифлари томонидан тайёрланган видеоларнинг ойма-ой сарҳисобини тайёрлашда давом этади. Навбат — 2024 йилнинг октябрь ойи якунларига.
Изоҳ: Қуйида муштарийлар эътиборига ҳавола этилаётган видеолар таҳририят тавсияси эмас. Бунда аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube лойиҳалардан айримларининг 2024 йил октябрь ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинган. Айни вақтда, фурсатдан фойдаланиб, «Dunyouzbeklari.Com»нинг ўзбек ва рус таҳририятлари томонидан октябрь ойида тайёрланган видеоконтентни ҳам яна бир бор эслатиб ўтишни жоиз деб билдик.
«Dunyouzbeklari.Com» эълон қилган видеолар
Интервью. Монополия, рақобат ва ижтимоий масъулият ҳақида — Нобел мукофоти совриндори Жан Тироль билан суҳбат
Тошкентда 16−17 октябрь кунлари Марказий Осиё университетларининг биринчи форуми бўлиб ўтди. «Dunyouzbeklari.Com» унда маъруза қилган франциялик иқтисодчи, Нобель мукофоти совриндори Жан Тироль билан суҳбатлашди. Интервьюнинг инглиз тилидаги асл кўринишини мана бу ҳавола орқали томоша қилиш мумкин.
Ўзбекистонда парламент сайловлари қандай ўтди?
Ўзбекистонда 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга депутатлар сайлови бўлиб ўтди. «Dunyouzbeklari.Com» YouTube’да бу жараён ҳақида бир неча лавҳалар эълон қилди. Мисол учун, таҳририят аъзолари Тошкентдаги 621-сайлов участкасида овоз беришнинг якунланиши ва овозларни санаш қандай бошланганини кузатдик. Шунингдек, пойтахт аҳолиси ва меҳмонларининг сайлов ҳақидаги фикрларини билиш учун уларга микрофон тутилди.
Сўровнома. Тошкентда иссиқлик таъминотининг ёқилмаётгани аҳолига қандай таъсир қиляпти?
Октябрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўзбекистон шаҳарларида, айниқса, Тошкентда «Иссиқлик таъминоти қачон бошланади?», деган савол кун тартибига чиқди. Аксарият ҳудудларда иссиқлик таъминоти ноябргача ёки ноябрь кириб келиши билан берилди, аммо Тошкентда бу жараёнга ноябрнинг 7-санасига келибгина бошланди. Тошкент расмийлари буни иссиқлик таъминоти ёқилиши учун ҳаво ҳарорати кетма-кет 5 кун +8 даражадан паст бўлиши кераклиги билан изоҳлади. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилиниб, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.
Интервью: Ўзбекистонда ипотека қачон арзонлашади?
Ўзбекистонда кредитга уй олмоқчи бўлган одам борки, уни «ипотека нархлари қачон пасаяди?» деган савол ўйлантиради. Ҳозирда Ўзбекистонда ўртача ипотека ставкаси 25 фоизни ташкил этади. Хўш, ўзи ипотека нархи қандай шаклланади? Нега Ўзбекистонда у бунчалик қиммат? Қандай қилиб уни арзонроқ қилиш мумкин? Commonwealth Partnership консалтинг компанияси таҳлилий гуруҳи раҳбари Алексей Летуновский ипотека кредитлари бўйича шу каби саволларга жавоб берди.
Интервью: Тиббиёт бизнес сифатида, ўз-ўзига ташхис қўйиш ва даволаш. Шифокор-терапевт Жавоҳир Холмуҳамедов
Биз ҳар доим ўзимизга қандай шифокор кераклигини биламиз. Аммо беморларни тор соҳадаги мутахассисларга йўналтириш учун терапевтлар бор. Шунга қарамай, орамизда камдан-кам одам тиш шифокори ёки сартарош каби мунтазам қатнайдиган терапевтига эга. Қандай қилиб терапевтлар бизнинг эътиборимиздан четда қолиб кетган? Терапевтлар ўзи бизга керакми? Шифокор-терапевт Жавоҳир Холмуҳамедов шу каби саволларга жавоб берди.
Репортаж: Эски шаҳарда яшовчи оила «Обод маҳалла» туфайли уйсиз қолди
Олмазор тумани ҳокимлиги ташаббуси билан 2024 йилнинг ёзида «Ҳастимом» маҳалласида ободонлаштириш ишлари бошланган эди. «Обод маҳалла» дастури доирасида муҳандислик тармоқлари алмаштирилиб, таъмирланиб, уй-жойларнинг ташқи қисмини таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Маҳалладаги уйларнинг аксарияти бундан 100 йил аввал пахсадан қурилган. Аҳолининг хавотирларига қарамай, иш бошланишидан аввал умумий йиғилишда бирорта ҳам уйга зарар етмаслигига уларни ишонтиришган. 2 октябрь куни Иноғомовлар оиласининг икки қаватли уйи қулаб тушди. Бу уйда яшовчиларнинг сўзларига кўра, бунга уй яқинидаги таъмирлаш ишлари сабаб бўлган. Кейинроқ яна бир уй қулади. «Dunyouzbeklari.Com» ҳар икки ҳолат бўйича репортажлар тайёрлади.
Репортаж: Ноқулай ободонлаштириш: Сергелидаги маҳалла йўли нима учун шоссега айланди?
Сергели туманидаги маҳалла ичидан ўтувчи Дориломон кўчаси трассага айланиб қолди. Бунга 2024 йилнинг август ойида қўшни Сўғдиёна кўчаси қурилиш ишлари учун ёпилгани сабаб бўлди. Сўғдиёна кўчаси очилгандан кейин ҳам — полосалар сони 4 тадан 1 тагача қисқартирилиши, транспорт ҳаракати бир томонлама бўлиши, кўчанинг ўзи эса гастрономик йўлакка айлантирилиши туфайли — вазият кейинчалик ҳам ўзгармаслиги мумкин.
Бир том остидаги ҳамкорларимизнинг материаллари
Afisha.uz. «Ўзбек тилининг обрўсини кўтаришимиз керак»: мутахассис Саида Рашидова билан интервю
Ўзбек тили ойи ҳисобланган октябрда Afisha.uz биринчи марта подкаст форматини синовдан ўтказиб, илк мавзу сифатида ўзбек тили ҳақида суҳбат қурди. Бунинг учун ўқитувчи-мутахассис, ҳозирда ўзбек тилини замонавий курслар асосида тарғиб қилиб, энг қулай ва қизиқарли форматда таълим бераётган Саида Рашидова меҳмон сифатида таклиф этилди.
Spot. Шоколад бизнеси қанча даромад олиб келади?
Муродилла Алимбаев таржимонлик карьерасидан сўнг кинотеатр бизнеси билан шуғуллана бошлаб, коронавирус пандемияси даврида қизиқишлари ортидан 200 доллар пул билан Iman chocolate & fruits’га асос солган. Ҳозир 50 дан ортиқ турда шоколад ишлаб чиқаради, Қозоғистон ва Хитойга экспорт қилади. Spot тадбиркор билан шоколад бизнеси ҳақида суҳбатлашди.
Spot. iPhone 16 Pro vs iPhone 15 Pro
Spot журналистлари Apple сентябрда тақдим этган iPhone 16 Pro’ни бир авлод аввалги модель — iPhone 15 Pro билан таққослади. Видеода қурилмаларнинг техник тузилиши, хусусиятлари ва янги функциялари, афзалликлари солиштирилади. Янги iPhone олсамми-йўқми, деб иккиланаётган бўлсангиз, бу қисқа видео айнан сиз учун.
Spot. Рус тилида. «Гастрономик» кўчага айлантирилган Тарас Шевченко кўчасига шарҳ
Тошкентдаги Тарас Шевченко кўчасининг бир қисмини гастрономик кўчага айлантириш бўйича ишларининг биринчи босқичи 11 октябрь куни якунланди. Spot бу кўчада нималар ўзгарганини икки дақиқа ичида кўрсатиб, тушунтириб берди.
Бошқа муаллифлар эълон қилган видеолар
Энди бошқа муаллифлар эълон қилган видеоконтентларга ўтсак. Бунда, юқорида қайд этилганидек, аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube лойиҳалардан айримларининг 2024 йил октябрь ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинди.
NmaGap. «Замон нозик: бола-чақам бор». Аброр Мухтор Алий
«NmaGap» лойиҳасининг октябрь ойидаги сонларидан бирида блогер Аброр Мухтор Алий меҳмон бўлди. Суҳбат YouTube’нинг ўзида 1,3 млн марта кўрилди ва лойиҳа тарихидаги энг кўп кўрилган иккинчи видеога айланди.
IsomTV. Тошкентдан Қорақалпоғистонга сафар: 21−22 кун
Сентябрь ойидаги жамланмада қайд этилганидек, IsomTV жамоаси ёзда бошланган тренд таъсирида Тошкентдан Қорақалпоғистон томон йўлга чиққанди. 8 октябрь куни блогер манзилга етиб боргани ҳақидаги видеони каналига жойлади. Унинг октябрь ойида энг кўп кўрилган видеоси эса сафарнинг 21−22 кунлари ҳақидаги лавҳа бўлди.
Субъектив. «Осмондан пул ёғадиган» давлатни излаб…
Кўчиб борганларга пул, қизларига уйланганларга фуқаролик ваъда қилаётган давлатларнинг шартлари қандай? «Субъектив» навбатдаги кўрсатувида миграция мавзусига тўхталди. Видеода ўзбекистонликлар 60 дан ортиқ мамлакатларга визасиз бориши мумкинлиги, улар орасида Америка қитъасидаги давлатларнинг ҳам борлиги, Европа ва Канададан мустақил иш топиш йўллари, Ўзбекистонда 50 млн сўмгача ойлик маошлар эгасини кутаётгани ҳақида гап боради.
Марказий сектор. Реал Мадрид ёки Барселона? — Даврон Файзиев
«Марказий сектор»нинг октябрдаги энг кўп кўрилган сони «Реал Мадрид» ва «Барселона» жамоалари ўртасидаги ўйин олдидан шарҳловчи Даврон Файзиев билан бирга олингани бўлди (ўйин «Барселона»нинг 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан тугади).
Лолазор. Энергетика вазири билан: Бойсун фожиаси, АЭС, 200 киловатт ва ҳоказо
«Лолазор»нинг энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов меҳмон бўлган сони октябрь ойида энг кўп кўрилди. Лойиҳа муаллифлари меҳмон билан қиш мавсумига тайёргарлик, Бойсундаги фожиа, АЭС қурилиши масаласи, суюлтирилган газ, 200 кВт ва энергетикага алоқадор бошқа мавзуларда суҳбатлашди.
НҚЭ. Сиз билмаган Даврон Файзиев | Teacher Азам, Даврон Файзиев, Кундузий
Teacher Azam’нинг «Нозик қалб эгалари» подкастида бу сафар спорт шарҳловчиси Даврон Файзиев меҳмон бўлди. Аъзам Қаҳрамоний (Teacher Azam) ва блогер Кундузий подкаст давомида меҳмоннинг кенг томошабинлар оммаси учун номаълум бўлган қирраларини очишга ҳаракат қилди.
БуСоққа. Ўзбек YouTube’ида пул борми? | @intervyuTV , @omonxon, @nmagap
«Dunyouzbeklari.Com» йил бошидан бери YouTube’нинг ўзбек сегментида эълон қилинаётган контентлар ҳақида жамланмалар тайёрлаб келади. Хўш, ўзи ўзбекистонлик муаллифлар бу платформадан пул ишлай оляптими? Блогерлар қандай пул топади ва уни қандай сарфлайди? «БуСоққа» лойиҳасининг навбатдаги сонида Миршакар Файзуллоев турли йўналишда фаолият олиб борувчи уч лойиҳа муаллифлари билан тажриба, хатолар, босиб ўтилган йўл ва хулосалар ҳақида суҳбатлашди.
У ким эди? Дунёнинг илк миллиардери | Жон Рокфеллер
Блогер Нурбек Алимов тарихий шахслар ҳаётини ёритишга қаратилган «У ким эди?» лойиҳасининг навбатдаги сонини инсоният тарихидаги биринчи доллар миллиардери, тадбиркор Жон Рокфеллерга бағишлади.
Бу Подкаст. Футбол ва ҳаёт мактаби — Хайрулла Ҳамидов
«Бу Подкаст» лойиҳасининг навбатдаги сонида таниқли футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов меҳмон бўлди.
Сусамбил. Афсунгарлар жанги (Жужутсу Каисен) — афсонавий анименинг ўзбек тилидаги таҳлили
«Сусамбил» лойиҳасининг навбатдаги сони сўнгги йилларнинг энг муваффақиятли аниме лойиҳасига айланиб, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган Жужутсу Кайзен, яъни «Афсунгарлар жанги» ҳақида бўлди. Хўш, унинг муваффақияти сири нимада? Қандай қилиб ёш ижодкорнинг дебют иши бунчалик шов-шув кўтарди?
102tv. Андижондан Қорақалпоғистонгача пиёда
«102tv»нинг «Муваффақият калитлари» подкастида бу гал Андижондан Қорақалпоғистонга пиёда йўлга чиқиб, ўзига хос тренд муаллифига айланган Шоҳжаҳон Ўразалиев меҳмон бўлди. «Dunyouzbeklari.Com» аввалроқ унинг сафари ва Instagram’да машҳур бўлиб кетгани ҳақида материал тайёрлаганди.
Қурултой. Энг қадимги тиллар ӏ Тилларнинг бир-бирига қариндошлиги ӏ Туркий тил аждодлари
«Қурултой»нинг аввалги қисмларида туркий тиллар тарихи ва бугуни ҳақида кўп суҳбатлашилган. Октябрь ойида энг кўп кўрилган сонда эса унинг энг қадимги даври ҳақида гап борди. Фанда олтой тиллари оиласи деган тушунча бор. Унга кўра, туркий тиллар мўғул, тунгус, ҳатто япон ва корейс тилларига қариндош саналади. Подкастда мазкур назария ҳақида тарих фанлари доктори, профессор Ғайбулла Бобоёров билан суҳбат бўлган.
Пакапак. Ҳамма Windows’лар битта видеода!
«Пакапак» лойиҳасининг навбатдаги сонида Windows’нинг барча версиялари ҳақидаги маълумотлар бир жойга йиғилди.
Uzbekonomics. Сўм эркинлигига етти йил тўлди
Ўзбекистонда 2017 йил сентябрида ўтказилган валюта ислоҳотига 7 йил тўлди. Uzbekonomics подкастининг 2024 йил октябрь сонида иқтисодчи Ботир Қобилов ва Беҳзод Ҳошимов валюта конвертацияси ёпиқ бўлган давр ва ундан кейинги вазият ҳақида суҳбатлашди.
Диалог. Ўз пулингни ўзинг асра
Отабек Бакировнинг «Диалог» лойиҳасида бу сафар Ўзбекистон Марказий банки киберхавфсизлик маркази бошлиғи Олимжон Толипов меҳмон бўлди. Суҳбат давомида Киберхавфсизлик ва CERT марказининг асосий вазифалари, фирибгарликнинг энг кўп учраётган тури, киберҳужумга учраган одам нима қилиши кераклиги, антифрод тизими ва яна кўплаб мавзулар ҳақида гаплашилди.
Отасиз. Отам мени ўлимдан сақлаб қолган
«Отасиз» подкастининг октябрдаги ягона сонида шоира Фарида Афрўз меҳмон бўлди. У подкастда отаси билан ўтган энг яхши дамлари, отаси берган ўгитлар, отасизликнинг қийинчиликлари ва ота соғинчи ҳақида гапирди.
1000КИТОБ. Истеъдодлар — Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги
«1000КИТОБ» лойиҳаси подкастининг октябрдаги ягона сонида Aloqa Ventures компанияси ҳаммуассиси Даврон Пармонов ҳамда Tahrirchi ва Tilmoch лойиҳалари асосчиси Муҳаммадсаид Мамасаидов меҳмон бўлди. Подкастда улар билан венчур капитали, стартаплар, сунъий интеллект ва машинавий таржиманинг келажаги, шунингдек, ўзбек тилидаги имло муаммолари ва умуман лойиҳа ҳақида суҳбатлашилди.
Ҳошимов иқтисодиёти. Наталья Науменко — СССРдаги 1933 йилги очарчиликда украиналикларнинг этник дискриминацияси
«Ҳошимов иқтисодиёти» лойиҳасининг октябрь сонида иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Жорж Мейсон университетининг иқтисодиёт бўйича профессори Наталья Науменко билан СССРда 1930 йилларда кузатилган очарчиликда украиналикларнинг этник камситилиши мавзусида суҳбатлашди. Наталья Науменко иқтисодиёт тарихига ихтисослашган олима ҳисобланади.
Сиз-чи, қайси лойиҳаларни кузатиб борасиз?
Кейинги сарҳисобда яна қайси лойиҳалар эътиборга олиниши керак деб ўйлайсиз? Бу ҳақда Telegram’даги ботимиз орқали бизга ёзинг: @GazetauzFeedbackBot.