• Вт. Дек 10th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президентнинг Озарбайжонга сафари якунланди


Президент Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрида ўзига ажратилган қароргоҳда озарбайжонлик адабиётшунос ва шоир Акиф Бағировни қабул қилди.

Акиф Азалп тахаллуси билан танилган шоир Нахичевонда туғилган, аммо умрининг катта қисмини Ўзбекистонда яшаб, ижод қилган. Озарбайжон халқини ўзбек адабий муҳити билан яқиндан танитишда фидойилик кўрсатиб келмоқда. У кўплаб ўзбек шоирлари, адибларининг асарларини озарбайжон тилига ўгирган. Хусусан, яқинда Сирожиддин Саййиднинг «Вақт ҳайкали» китобини таржима қилган. Шоир халқимизнинг шонли тарихи ва Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги ютуқларидан, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлардан илҳомланиб ёзилган «Ўзбек келаётир» қасидаси билан ҳам машҳурдир.

Учрашувда Акиф Бағиров юксак ҳурмат ва миннатдорлик рамзи сифатида Президентимизга ўзи озарбайжон тилида тайёрлаган «Шавкат Мирзиёев феномени» китобини тақдим этди.

Китобдан сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг «Менинг Президентим» ва «Миллатпарвар» китобларидан саралаб олиниб, шоир томонидан озарбайжон тилига таржима қилинган публицистик эсселар ўрин олган. У давлатимиз раҳбари бошчилигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган асосий ислоҳот ва ўзгаришларга бағишланган. Унда Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатнинг асосий йўналишлари, жумладан, иқтисодий ривожланиш, инфратузилмани модернизация қилиш, ижтимоий соҳани яхшилаш ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш масалалари ёритилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга амалий ташрифининг ниҳоятда мазмунли дастури якунига етди.

Кеча, 12 ноябрь куни давлатимиз раҳбари БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси доирасидаги Жаҳон етакчилари саммити ялпи мажлисида нутқ сўзлаб, иқлим ўзгариши оқибатларини биргаликда бартараф этиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Саммит доирасида Ўзбекистон етакчиси Европа кенгаши Раиси Шарль Мишель, Финляндия Президенти Александр Стубб, Черногория Президенти Яков Милатович, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль-Рено Бассо, Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад ал-Жассир, ICESCO бош директори Салим ал-Малик, Яшил иқлим фонди ижрочи директори Мафальда Дуэрте ва Буюк Британиянинг собиқ бош вазири, Глобал ўзгаришлар институти раиси Тони Блэр билан учрашувлар ўтказди.

Ташриф дастурининг иккинчи куни, 13 ноябрда Президентимиз Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида «яшил» энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги уч томонлама битимни имзолаш маросимида иштирок этди.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашув бўлиб ўтди, унинг якунида давлат раҳбарлари қўшма фабрикани ишга туширдилар.

БМТ иқлим саммити доирасида Чехия Бош вазири Петр Фиала, Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис, Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала ва Глобал экологик фонд бош директори Карлос Родригес билан учрашувлар ўтказилди.

Президентимиз Ўзбекистоннинг CОP29даги Миллий павильонини ҳам кўздан кечирди.

Ташриф тадбирлари якунлангач, давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди. Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортда Президентимиз ва рафиқасини Озарбайжон адлия вазири Фарид Аҳмедов ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *