• Сб. Янв 18th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Экспорт субсидияларини бекор қилиш бўйича ишлар давом этмоқда — президент


Боку шаҳрида ўтаётган иқлим бўйича СОР29 конференцияси доирасида 13 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Томонлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши масалаларида амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг долзарб жиҳатларини кўриб чиқди.

Жумладан, ишчи гуруҳ йиғилишларини ўтказиш, шунингдек, ушбу халқаро ташкилотга аъзо мамлакатлар билан олиб борилаётган музокаралар суръати қайд этилди.

«Миллий қонунчиликни ЖСТ меъёрлари ва қоидаларига уйғунлаштириш, жумладан, экспорт субсидияларини бекор қилиш бўйича ишлар фаол олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, халқаро савдони тартибга солиш масалаларида ўзбекистонлик мутахассислар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Музокараларни якунлаш ва яқин йилларда Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди.

Август ойида тадбиркорлар билан учрашувда президент Шавкат Мирзиёев ЖСТга аъзо бўлишни «чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларимизнинг ажралмас бир қисми» деб таърифлаганди. Илгари иқтисодиёт «маълум даражада ҳимояга муҳтож эди», аммо бу йўлдан боришда давом этсак, мамлакат имкониятлари чекланиб қолади, деганди у.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев май ойида Ўзбекистон 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-вазирлар конференциясига қадар Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш ниятида эканини маълум қилганди.

Ўтган йилнинг август ойида президент 2025 йилдан бошлаб импорт дори воситалари ва тиббий буюмларни божхонада расмийлаштириш йиғимини бекор қилиш, импорт товарларни давлат тилида маркировкалаш тартибига ўзгартиришлар киритиш ва бошқа масалаларни назарда тутувчи фармонни имзолади.

Алоҳида фармон билан металлургия, кимё, энергетика ва телекоммуникациялар соҳасидаги мутлақ ҳуқуқлар ҳам бекор қилинмоқда. Бундан ташқари, 2026 йил июль ойидан бошлаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун давлат харидларида имтиёзлар, шунингдек, маҳаллий электротехника учун нарх имтиёзлари қисман бекор қилинади.

Ноябрь ойи бошида Ўзбекистон АҚШ билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади. Президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Уруновнинг айтишича, музокаралар 14 ой давом этган.

«Умид қиламанки, бу қолган давлатлар билан икки томонлама музокараларни тезлаштиришга туртки беради. Бизда кам сонли давлатлар қолди. Музокаралар олиб боришимиз керак бўлган аксарият давлатлар билан жараённи аллақачон якунладик. 21 мамлакат билан музокаралар аллақачон тугаган. Яна бир неча давлатлар билан музокараларни якунлашимиз керак ва 2026 йилда ЖСТга аъзо бўлишни режалаштирмоқдамиз», — дея таъкидлади у.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *