Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 199 миллион сўмлик дори воситаларини ноқонуний сотишга уринган шахслар қўлга олинди, дея хабар қилди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Департамент ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида 10 минг қути Levomer 500ig (левофлоксатсин) антибиотикини 199 миллион сўмга сотишга уринишнинг олди олинди.

«Хорижда ишлаб чиқарилган дори воситаларида уларнинг сифатини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар бўлмаган», — дейилади хабарда.

Фуқаро Н.К. ва бошқалар М.Х.га дори воситаларини 13 минг долларга сотмоқчи бўлган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186−3-моддаси (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.