• Ср. Дек 11th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда автокредитлар сезиларли миқдорда камайди


Ўзбекистонда автокредитлар сезиларли миқдорда камайди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан иқтисодий фаоллик даражасини баҳолаш ва прогноз қилиш учун республика автомобил бозоридаги фаоллик даражаси таҳлил қилинди.

Таҳлилларга кўра қуйидагилар аниқланди:

2024 йилнинг III-чорагида Ўзбекистон автомобиль бозорида фаоллик даражаси ошган бўлсада, 2023 йилги даражада эмас. Хусусан, жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида давлат рўйхатидан ўтказилган автомобиллар сони 352,8 мингтани ташкил қилиб, II-чоракдагига нисбатан 76,8 мингтага (27,8 фоизга) кўпайди. Бироқ, бу кўрсаткич 2023 йилнинг мос давридагига нисбатан 19,9 фоиз кам.

Таҳлиллар тижорат банклари томонидан ажратилган автокредитлар ва аҳолининг тасарруфдаги даромадлари автомобиль бозоридаги фаоллик даражасига таъсир этувчи муҳим омиллардан бири эканлигини кўрсатди. Хусусан, 2021 йил январь ойидан 2024 йил сентябрь ойигача бўлган даврда давлат рўйхатидан ўтказилган автомобиллар сони ва аҳолига ажратилган автокредитлар ҳажми ўртасида (корреляция коэффициенти = 0,72), шунингдек, аҳоли даромадлари ва автомобиллар савдоси ўртасида (корреляция коэффициенти = 0,42) мавжудлиги аниқланди.

Жорий йилнинг дастлабки 9 ойида банклар томонидан аҳолига жами 12,8 трлн. сўм миқдорида автокредитлар ажратилган бўлиб, 2023 йилнинг мос давридагига нисбатан 2,4 баробарга камайган. Биргина III-чоракда ажратилган автокредитлар II-чоракдагига нисбатан 16,9 фоизга ва 2023 йилнинг мос давридагига нисбатан 3,0 баробарга камайган.

Таҳлилларга кўра, ажратилган кредитларнинг ўсиш суръати сўнгги 3 йилдаги ўртача даражада сақланиб қолса, йил охирига қадар ҳар ойда ўртача 115,0-118,0 мингта автомобил давлат рўйхатидан ўтказилиши кутилмоқда.

Маълумот учун: 2023 йилнинг ИВ чорагида ҳар ойда ўртача 154,8 мингта автомобиллар олди-сотдиси бўйича шартнома имзоланган.

Автокредитларнинг сезиларли даражада камайиши шароитида, автомобил корхоналари ва дилерлар томонидан айрим автомобиллар савдолари учун чегирмаларнинг киритилиши (“GM Uzbekistan”, “BYD”, “KIA”), фоизсиз муддатли тўловларнинг жорий этилиши (“GM Uzbekistan”, “BYD”, “Cherry”) бозорда ўтган йиллар даражасидаги талабни қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар сифатида қаралиши мумкин.

Таҳлил жараёнида Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан тақдим этилган давлат рўйхатидан ўтказилган автомобиллар сони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг автокредитлар бўйича маълумотларидан фойдаланилди. 

Прогноз MIDAS (Mixed-data sampling) усулидан фойдаланган ҳолда EViews статистик дастури орқали амалга оширилди. MIDAS чораклик ва ойлик статистик маълумотларни бирлаштириш асосида баҳолаш ҳамда прогноз қилиш имконини беради. 

Прогноз кўриб чиқилаётган моделнинг бир нечта регрессияларини ўртача баҳолаш асосида амалга оширилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *