ДХХ раисининг «Ўзбекистон Республикаси муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини тоифалаш ва уларнинг ягона реестрини шакллантириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида» буйруғи имзоланди.
Тасдиқланган вақтинчалик низомга кўра, муҳим ахборот инфратузилмаси объектларига эгалик қилувчи субъектлар ҳар йили камида бир марта ушбу объектларни тоифалаши шарт. Бунинг учун тегишли комиссия тузиш лозим.
Муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини тоифалашнинг қуйидаги мезонлари белгиланмоқда:
юқори даражадаги:
- киберхавфсизлик ҳодисаси натижасида ишдан чиқиши туфайли жуда кўп миқдорда зарар етиши, 20 дан ортиқ одамнинг соғлиғига зарар етиши, 500 дан ортиқ одамнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилиши ёки катта экин майдонига тенг бўлган ҳудудда атроф-муҳитга зарар етиши мумкин бўлган объектлар;
- давлат сирларига оид маълумотлар айланмаси мавжуд бўлган, шунингдек ёқилғи-энергетика, атом энергетикаси, соғлиқни сақлаш, телекоммуникация ва қўриқланадиган шахслар доимий ёки вақтинчалик турган жойлардаги объектлар;
ўрта даражадаги
- киберхавфсизлик ҳодисаси натижасида ишдан чиқиши туфайли кўп миқдорда зарар етиши, 10 дан ортиқ, бироқ 20 дан кўп бўлмаган одамнинг соғлиғига зарар етиши, 100 дан ортиқ, бироқ 500 дан кўп бўлмаган одамнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилиши, ўртача катталикдаги экин майдонига тенг бўлган ҳудудда атроф-муҳитга зарар етиши ёки давлатнинг нуфузи ва обрўсига зарар етиши мумкин бўлган объектлар;
паст даражадаги:
- юқори ва ўрта даражадаги муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари тоифасига кирмайдиган объектлар.
Мазкур низом Ўзбекистон муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини тоифалаш ва уларнинг тоифасини қайта кўриб чиқиш, шунингдек муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг вақтинчалик ягона реестрини юритиш тартибини белгилайди.
Муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини тоифалаш ва Реестрни юритиш Давлат хавфсизлик хизмати томонидан амалга оширилади. Бундай объектларни тоифалаш ва реестрни юритиш бевосита ваколатли давлат органи ташаббусига кўра ёки унинг ёзма топшириғи асосида ваколатли давлат органининг ишчи органи — «Киберхавфсизлик маркази» томонидан амалга оширилиши мумкин.
Ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда МАИ объектини тоифалаш ишлари бошқа ташкилотлар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда объектни тоифалаш натижаларининг ҳаққонийлиги учун жавобгарлик объект эгаси зиммасига юкланади.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 31 майдаги муҳим ахборот инфратузилмаси (МАИ) объектлари киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича қарорига мувофиқ, Давлат хавфсизлик хизматига ваколатли орган сифатида қатор вазифалар юклатилганди.
ДХХга муҳим ахборот инфратузилмаси (МАИ) объектларида киберхавфсизликни таъминлашда ваколатли орган сифатида мониторинг олиб бориш, ходимларни аттестациядан ўтказиш, хорижий давлатлар тажрибаси асосида МАИ объектларининг ягона давлат реестрини шакллантириш каби вазифалар юклатилган.