“Брюсселда Россияни жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш хавфи юқори бўлган давлатлар рўйхатига киритиш учун етарли асослар мавжуд”, дея Европарламент депутатлари фикр билдирди.
Европарламент Москва Украинага қарши агрессив урушни Кремлга халқаро санкцияларни четлаб ўтиш имконини берувчи коррупцион схемалар орқали молиялаштираётганини таъкидлаган. Бундан ташқари, европалик депутатларнинг фикрича, мамлакатда давлат идоралари билан чамбарчас боғланган коррупция ва уюшган жиноятчилик даражаси юқори.
Россия ҳали халқаро “қора рўйхат”га киритилмаган.
- Financial Action Task Force (FATF) жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш стандартларини белгилайди ва амалга оширади. У ушбу стандартларни бузган мамлакатларнинг “қора” ва “кулранг” рўйхатини тузади.
Россия 2003 йилда FATF’га аъзо бўлган, аммо 2023 йилда Украинадаги уруш туфайли унинг аъзолиги тўхтатилган. Ўшандан бери Киев Россия жаҳон молиявий тизимига таҳдид солаётгани ва ташкилот рўйхатига аллақачон киритилган КХДР ва Эрон билан яқин алоқаларни сақлаб турганини айтиб, икки марта Россияни FATF қора рўйхатига киритишга уринган.
Аммо ҳар икки сафар ҳам бу қарорга FATF’га аъзо бир қатор нуфузли давлатлар, хусусан, Ҳиндистон, Хитой, Саудия Арабистони ва Жанубий Африка қаршилик кўрсатган.