Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 саралашининг 3-турида сафарда Қатарга мағлуб бўлди. 14 ноябрь куни Доҳада бўлиб ўтган учрашув 3:2 ҳисобида якунланди.
Биринчи бўлиб ҳисобни қатарликлар очди. 25-дақиқада Ўзбекистон терма жамоаси Осиёнинг энг яхши футболчиси Акрам Афифнинг пасидан сўнг ҳужумчи Алмоез Али томонидан якунланган тезкор қарши ҳужумни ўтказиб юборди.
Қатар шу футболчиларининг саъй-ҳаракатлари эвазига иккинчи голни ҳам урди. Афиф жарима зарбасини амалга оширди, Али эса оёғини тўп йўлига қўйишга улгуриб қолди.
Иккинчи бўлимда Ўзбекистон Қатар ҳимоясини асосан қанотлардан ёриб ўтишга ҳаракат қилди. 75-дақиқада эса бу ўз самарасини берди. Ҳожимат Эркинов ўнг қанотдан жарима майдонига кросс узатди, уни Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси Аббобек Файзуллаев боши билан голга айлантирди.
80-дақиқада Файзуллаев чап қанотдан оширилган тўпдан кейин яна боши билан зарба бериб дубл қайд этди.
Терма жамоа яна бир нечта хавфли ҳужумлар уюштирди, аммо уларни голга айлантирма олмади.
Иккинчи бўлимга қўшиб берилган 12-дақиқада (102′) Ўзбекистон учинчи голни ўтказиб юборди — Лукас Мендес тўпни дарвоза «тўққизлиги»га йўллади.
Параллел ўйинда Эрон КХДРни (3:2), БАА эса Қирғизистонни (3:0) мағлуб этди.
Натижада А гуруҳида Эрон 13 очко билан якка пешқадамга айланди, Ўзбекистон 10 очко билан иккинчи, БАА 7 очко билан учинчи ўринда. Уларни Қатар (7), Қирғизистон (3) ва КХДР (2) таъқиб қилмоқда.