Фарғона вилоятида табиий газдан ноқонуний фойдаланган оҳак цехи фош этилди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Ташкилотнинг Фарғона шаҳри бўлими, ИИБ ва «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиали ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Н.И. ва бошқалар ижарага олинган бинода тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан оҳак ишлаб чиқариш цехи ташкил этгани аниқланган.
Улар умумий фойдаланишдаги газ тармоғига тўғридан-тўғри уланиб, 1 млн куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланган. Давлат ва жамият манфаатларига 2,6 миллиард сўм зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.