Бизнесмен Илон Маскнинг сайланган президент Дональд Трампнинг ёнида деярли доимий бўлиши сиёсатчининг атрофидагиларни безовта қила бошлади, деб ёзди NBC News манбаларга таяниб.
Уларнинг сўзларига кўра, 5 ноябрь, сайлов кунидан бери Tesla, SpaceX ва X компаниялари раҳбари Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида бўлиб турибди, у ерда ҳозирда республикачиларнинг ўтиш гуруҳи ишламоқда. Телеканал суҳбатдошларининг фикрича, Маск сиёсатчи жамоасининг «оёғини босмоқда» ва ўз роли доирасидан ташқарига чиқмоқда.
«У ўзини ҳампрезидентдек тутяпти ва буни ҳамма билишига ишонч ҳосил қилишни хоҳламоқда», — деди манбалардан бири. Унинг сўзларига кўра, «президентнинг ғалабасида Маскнинг хизматлари катта», жумладан, у ўзининг America PAC (миллиардер Трампнинг кампаниясига ёрдам бериш учун яратган фонд) суперқўмитаси ва Х ижтимоий тармоғи билан мақтанади.
«У президент Трампни ўзидан қарздор ҳис қилдиришга ҳаракат қилмоқда. Президент эса ҳеч кимдан қарздор эмас», — дея қўшимча қилди телеканал суҳбатдоши.
Телеканал манбаларига кўра, Маск куннинг исталган вақтида қароргоҳда бўлиб, Трамп билан бирга ўтириб, жумладан, бошқа давлатлар раҳбарлари билан қўнғироқ ва учрашувларда ҳам қатнашмоқда. Аввалроқ Маск Трампнинг Украина президенти Владимир Зеленский билан суҳбатига қўшилгани хабар қилинганди.
NBC’га яна бир манбасининг айтишича, Маскнинг «ҳамма нарса ҳақида ўз фикри бор» ва у буни шу қадар қатъият билан билдирадики, бу Трамп доирасини безор қилмоқда. «У ҳамма нарсада ўз сўзи бордек кўринишни истайди. Гарчи бундай бўлмаса ҳам», — дея қўшимча қилди канал суҳбатдоши.
Манбага кўра, сиёсатчининг баъзи маслаҳатчилари Маск «Трамп дунёсида» муваффақиятли ишлаш учун сояда юриш қанчалик муҳимлигини тушунмайди, деб ҳисоблайди. Улар, шунингдек, Маск янги маъмурият мақсадларига эътибор қаратишдан кўра, ўз манфаатларини олға сураётганига ишонади.
Маск, шунингдек, Трампга сайланганидан кейин Вашингтонга биринчи сафари ва Оқ уйда амалдаги президент Жо Байден билан учрашувида ҳамроҳлик қилди.
«Илон уйга қайтишни хоҳламаяпти. Мен ундан қутулолмаяпман», — деб ҳазиллашган Трамп, NBC манбаларига кўра, ўтган чоршанба куни Вакиллар палатаси республикачилари билан учрашувда.
Wall Street Journal ҳам Трамп ва Маск ўтган ҳафтада «ажралмас бўлганини» ёзди. Нашрнинг қайд этишича, сиёсатчининг қароргоҳи «дунёдаги энг муҳим бўш иш ўринлари ярмаркаси»га айланган ва янги маъмуриятда ўз ўрнига эга бўлмоқчи бўлганлар учун «Маскнинг радарига тушиш деярли бирдек муҳим».
Сайланган президентнинг матбуот котиби Каролин Ливитт WSJ’га «Илон Маск ва президент Трамп — ажойиб дўстлар ва Американи яна буюк қилиш учун бирга ишлаётган қойилмақом раҳбарлар» эканини айтди.
Бироқ, нашр суҳбатдошларининг таъкидлашича, Трампнинг Маскка муносабати, айниқса, сиёсатчини расмий тадбирларда «сояда қолдирса» ёки дунё етакчилари билан учрашувларда етакчиликни қўлга киритишга ҳаракат қилса, тезда ўзгариши мумкин.
Трамп шу ҳафтада Маск янги ҳукумат самарадорлиги департаментини (DOGE) бошқаришини эълон қилди. Унинг вазифаси бошқарувда «кенг кўламли таркибий ислоҳотлар ўтказиш ва тадбиркорлик ёндашувини яратиш» бўлади.
Маск Трампни сайловда очиқ қўллаб-қувватлади ва унинг сайловолди кампаниясида фаол иштирок этиб, камида 119 миллион доллар хайрия қилди. У, шунингдек, Х платформасида Трампни мунтазам равишда тарғиб қилди. Reuters’нинг ёзишича, Маск Трампнинг ғалабасига пул тикиб, ҳукумат регуляцияси ва субсидияларга қаттиқ таянадиган компанияларини ҳимоя қилмоқчи.