• Ср. Дек 11th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

импорт автомобилларни такроран синовдан ўтказишдан мақсад нима?   — Дарё Янгиликлари

импорт автомобилларни такроран синовдан ўтказишдан мақсад нима?   — Дарё Янгиликлари


Пискентдаги автополигонда импорт автомобилларни синовдан ўтказиш учун навбат юзага келди. “Дарё” ижодий жамоаси воқеа жойида бўлиб, ҳолат сабабларини ўрганди.

“Тошкент вилояти Пискент туманидаги автополигонда синов лаборатор мажмуасини ташкил қилдик. Ушбу лабораторияни ташкил этишдан мақсад аввало хорижий давлатлардан кириб келаётган енгил автомобилларнинг хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Ҳар хил ёмон ҳолатларни келтириб чиқармаслик ва халқимизга хавфсиз автомобиллардан фойдаланиш имкониятини яратиш ниятидамиз”, дейди Ўзбекистонда техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги илмий синов-сифат назорат маркази синов мажмуаси бошлиғи Азизжон Ҳакимов. 

Фото: “Дарё”
Азизжон Ҳакимов
Фото: “Дарё”

Масъулнинг билдиришича, мажмуа 2021 йилда енгил автомобиллар учун ишга туширилган. 

Фото: “Дарё”

“Илгари ҳар бир шахс олиб келган автомобиллар божхонада кўрикдан ўтказилган. Ҳозирга келиб ўзида электр магнит мавжуд бўлган автомобилларга нисбатан кўплаб саволлар пайдо бўлмоқда. Шу боис жорий йилнинг 1 ноябридан электр магнит масаласида текширув мажбурий бўлиб қолди. Ушбу мажмуадаги навбатлар янги ташкил этилган бўлганимиз сабабли пайдо бўлди. Ҳозир эса ҳаммаси изига тушди. Ҳамма ўз навбатида келиб синовдан ўтказиб олиши мумкин”, дейди масъул. 

Фото: “Дарё”
Фото: “Дарё”

Масъулларнинг билдиришича, бундай синов мажмуаси воҳа ва водий вилоятларда ҳам биттадан ташкил этилиб, Пискентдаги мажмуа билан жами учтага етказилади.

“Ташкилотимиз ҳозирда фақатгина битта синов мажмуасига эга. Чунки бу катта миқдорда маблағ талаб қилади. Шу сабабли водий ва воҳада синов комплексларини қуриш режалаштирилган. Пискентдаги мажмуамизда бир кунда элликта автомобилда синов ўтказиш имконияти бор. Шунингдек, келгусида полигонни янада кенгайтириш режалари ҳақида ҳам ўйлаб кўряпмиз. Яқинда қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган тракторлар синовдан ўтказила бошланди. Шу тракторлар синовдан ўтказилганда икки-учта тракторда камчилик топилди. Яъни одам трактор ичида кетганида зарарли омиллар юқорилиги маълум бўлган. Шундан сўнг Хитойдан мутахассислар келишди. Маҳсулотимиз сифатли, нима сабабдан сизлар бундай ҳолатга олиб келяпсизлар дейишди. Синовда икки-уч марта қатнашиб, маҳсулот номувофиқлигини билишгач, тан олишди”, дейди масъул. 

Фото: “Дарё”

Азизжон Ҳакимовнинг билдиришича, синов мажмуасидаги биринчи гараж автомобилдаги электр магнит мувозанатини аниқлайди. Бу лаборатория 5 миллион долларга қуриб битказилган.

Фото: “Дарё”

Ажабланарлиси ва айнан бизга тушунарсиз бўлгани мазкур синов мажмуасининг ичида автомобиллар кўриги учун қилинган иккинчи гараж ичида айтарли ҳеч қандай техника йўқ. Масъуллар бу жойга олиб кирилган автомобилларнинг габарити ўлчанишини таъкидламоқда. Биз кузатган ҳолатга кўра, бу ерда кондиционерлар кўрикдан ўтказилиб, уларнинг синовдан ўтказилиши амалга оширилмоқда.

Фото: “Дарё”
Фото: “Дарё”

Дарвоқе, мажмуа бошлиғи электромобиллар эгаларини огоҳликка чорлаб, агар уларда ёнғин кузатилса ўчириш имкони йўқлигини, шу боис Ўзбекистоннинг ўнқир-чўнқир йўлларида батареяларнинг бехосдан тешилиб қолиши каби ҳолатлардан огоҳликка чақирди. Мажмуада айнан шу каби ҳолатларни текшириш имконияти яратилаётганини, қўшимча техника олиб келинганини айтди.

Фото: “Дарё”
Фото: “Дарё”

“Ҳозирги кунда электромобиллар анча тежамкор, лекин электр машинани ҳовли ичкарисига қўймаслик керак. Хавфсизлик учун ташқарига қўйиш тавсия этилади. Агар аккумулятор тагидан ёнғин келиб чиқса бу автомобилни ўчириб бўлмайди. Ҳатто ‘пожарний’лар ҳам уни ўчира олмайди. Бу газ баллон портлашидан ҳам хавфлироқ. Ўзи ёниб ўчмагунча ўчириб бўлмайди. Электр машинани ҳар доим етакчи дилерлардан сотиб олиш тавсия қилинади. Халқимизни сарсон қилишни ноўрин деб биламиз. Ўша автомобилни ким сотаётган бўлса, хавфсизликни таъминлаб, сертификат бериши лозим. Кейин яна бир ҳолат борки, автомобиль сотилганидан кейин синовдан ўтмаслиги, муваффақиятсиз бўлиб чиқиши мумкин. Шу учун дилерлардан харид қилиш яхшироқ. Сотиб олинаётганда сертификат билан таъминланган бўлса, оворагарчилик бўлмайди”, дейди масъул.

Фото: “Дарё”
Фото: “Дарё”

Пискентдаги полигонда кўриниш берган импорт автомобиль эгаларига кўра, бундай синовлар керакциз ва улар учун бу беҳуда вақт сарфлаш ҳисобланади. Яна бир тадбиркор эса аввал муаммо кузатилганини, эндиликда ҳаммаси изига тушганини таъкидламоқда.

Нуркелди Нурлан ўғли
Фото: “Дарё”

“Бунақа қилишнинг ҳожати йўқда, менимча. Хитойдан чиққанда бу автомобилларнинг ҳаммаси бу каби синовлардан ўтиб чиқарилган. Хитойдан ‘техпаспорт’ ва сертификат билан чиқади-ку. Бу машина ҳеч қандай зарар қилмайди. Бу тадбиркорларни овора қилади”, дейди Нуркелди Нурлан ўғли.

Даврон Расулов исмли суҳбатдош эса ҳолат бошида ёмон бўлганини, эндиликда шароитлар яратилиб, барчаси изига тушиб кетганини айтмоқда. 

Даврон Расулов.
Фото: “Дарё”

“Бошида тушунмовчилик бўлди. Сал навбатлар кўпайди. Мана энди жойига тушиб кетиб яхши бўлиб қолди. Ҳозир машинасини олиб келиб сертификатламоқчи бўлганлар учун енгилликлар яратилмоқда. Навбат йўқ, тўғри кириб келяпмиз”, дейди у.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *