Дунёнинг энг ривожланган мамлакатларига қонуний миграция 2023 йилда рекорд даражага етди. Мигрантлар оқими уларнинг иқтисодига COVID пандемияси ва Россиянинг Украинага босқини ортидан юзага келган инфляция инқирозидан чиқишга ёрдам берди, бироқ бу сайловчиларнинг норозилигига сабаб бўлди, деб ёзди Financial Times.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йили 6,5 миллионга яқин одам ИҲТТ таркибига кирувчи 38 давлатга кўчиб ўтган. Бу 2022 йилги кўрсаткичлардан деярли 10 фоизга кўп.
Хизмат соҳасида ишга ёлланишнинг энг катта ўсиши Буюк Британияда кузатилган — у ерга 750 000 киши кўчиб борган.
Канада, Франция ва Японияда ҳам рекорд даражалар юз берган. АҚШ 1,2 миллион қонуний иммигрантни қабул қилган.
«Гап фақат пандемиядан аввалги натижаларга етиб олиш ҳақида эмас», — деди ИҲТТ халқаро миграция бўлими раҳбари Жан-Кристоф Дюмон. Бу тенденция хорижлик ишчилар ва хорижда малака оширишга бўлган юқори талабни акс эттиради, деди у.
Goldman Sachs инвестиция банки томонидан шу ҳафта эълон қилинган таҳлил шуни кўрсатдики, Канада, Янги Зеландия, Норвегия, Швеция, Германия ва Буюк Британияда 2023 йил бошидан бери бандлик ўсишида деярли барчаси иммиграцияга тўғри келган, шунингдек, АҚШда ишчи кучини 4 миллиондан ортиққа оширган.
Ривожланган мамлакатларнинг иқтисодий ўсишига миграциянинг ижобий таъсирига қарамасдан, ривожланган мамлакатлардаги кўплаб сайловчилар миграция кўламининг ўсиб бораётгани ва ноқонуний равишда келган бошпана изловчилардан норози, аммо улар мигрантлар умумий сонининг кичик қисмини ташкил қилади.
Сайловчиларнинг бундай муносабати бу йил қайта сайланиши керак бўлган ИҲТТнинг барча амалдаги ҳукуматлари халқ овозининг бир қисмини йўқотишига олиб келди, баъзи ҳукумат амалдорлари ўз лавозимларини йўқотди. Мисол учун, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўз сайловолди кампаниясини миллионлаб ноқонуний мигрантларни депортация қилиш ваъдалари асосида қурди.
Анъанага кўра кўп сонли янги мигрантларни қабул қилган ИҲТТнинг бошқа мамлакатлари кириш қоидаларини кучайтирди. Канада, Австралия ва Буюк Британия иш билан боғлиқ миграцияни чеклаш чораларини киритди, Канада эса биринчи марта вақтинчалик фуқаролар сонини чеклади.
Ҳар учала давлат ҳам халқаро талабаларга бўлган муносабатини қайта кўриб чиқмоқда, уларнинг сони ортиб бораётгани қизиб кетган уй-жой бозорларига босим манбаи сифатида қаралмоқда. Британияда магистратура талабаларига энди оила аъзоларини олиб келиш тақиқланади, Австралия ва Канадада эса ўқиш тўловлари оширилган ва талабалар сони чекланган. Голландия ҳам худди шундай чораларни кўрмоқда — у ерда инглиз тилида ўқитиладиган курслар сонини чеклаш режалаштирилмоқда.
«2025 йилдан бошлаб [умумий миграция] қисқариши ажабланарли бўлмайди», — деди Дюмон. Бу қонуний миграция йўллари кичрайиб бораётгани сабабли «қарама-қаршиликнинг кучайиши»га олиб келиши мумкин, дея қўшимча қилди у.