Шавкат Мирзиёев 14 ноябрь куни «Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда «Норма» хабар берди.
Болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳолатлари кўпайиши муносабати билан қонун билан болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини олдини олиш ва ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилмоқда.
Зўравонликнинг барча шакллари, жумладан жисмоний, жинсий, руҳий, ғамхўрлик қилмаслик, эксплуатация ва қўрқитиш (буллинг) тақиқланган ва қонун билан таъқиб қилинади.
Хусусан, зўравонликдан жабрланган шахс тегишли ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиши, махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Қонун билан биринчи марта зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордерини бериш механизми жорий этилмоқда. У ички ишлар органлари томонидан 30 кунгача муддатга берилади ва зўравонлик қурбонига ёки унинг қонуний вакилига топширилади. Агар таҳдид ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати жиноят ишлари бўйича суд томонидан бир йилгача узайтирилиши мумкин.
Қонунда жабрланувчига етказилган моддий зарар ва маънавий зиённи қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи акс эттирилган. Шунингдек, ҳужжатда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ушбу йўналишда бевосита фаолият юритувчи давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда уларнинг ваколатлари белгиланган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига (ваколатли давлат органи) зўравонлик қурбони бўлган болаларни, шунингдек уларга нисбатан зўравонлик қўлланилиши хавфи остида турган болаларни аниқлаш, уларни ҳисобга олиш ва зарур ҳолларда зўравонликнинг олдини олиш бўйича якка тартибдаги чораларни кўриш вазифалари юкланади.
Шу билан бирга, ота-оналарнинг масъулияти оширилмоқда. Хусусан, ота-оналар болалар ҳаёти ва соғлиғини асраши, улар ҳақида ғамхўрлик қилиши ва зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиши керак, тарбия жараёнида болаларни жисмоний жазолаш тақиқланади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мамлакатнинг бутун ҳудудида кечаю-кундуз бепул телефон тармоғини (ишонч телефони) таъминлайди. Бунда ишонч телефони махфийлик сақланган ҳолда фаолият юритади. Қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллардан ташқари, ишонч телефони орқали олинган маълумотларни ошкор қилишга йўл қўйилмайди.
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича якка тартибдаги чора-тадбирлар қуйидаги тартибда қўлланилади:
- зўравонликдан жабрланган болаларни ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш;
- боланинг ҳаётига ёки соғлиғига бевосита таҳдид солувчи омилларни бартараф этиш;
- зўравонликдан жабрланган болаларнинг ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларнинг ҳаётий вазиятини баҳолаш;
- зўравонликдан жабрланган болаларни ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларни ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш (зарур бўлганда);
- зўравонликдан жабрланган болаларни ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларни ҳимоя қилиш режасининг мониторинги.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги зўравонликдан жабрланган болаларни, шунингдек ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларни аниқлашда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи бошқа субъектлар билан биргаликда иштирок этади. Ваколатли давлат органи ички ишлар органлари билан биргаликда бундай болаларнинг ҳисобини юритади ҳамда зарур ҳолларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича якка тартибдаги чора-тадбирларнинг қўлланилишини таъминлайди.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинди ва 2025 йил 15 майдан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 27 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан қабул қилинганди.
Сенат 15 август куни бўлиб ўтган мажлисда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни маъқуллаган. Йиғилишда кейинги йилларда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани таъкидланганди.