Ўзбекистонда 2019−2024 йиллар оралиғида наркожиноятлар сони икки бараварга кўпайди. Бу ҳақда 15 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш масалалари бўйича халқаро тадбирда Президент администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Dunyouzbeklari.Com» мухбири.
«Таҳлилларга кўра, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар сони икки баробарга, гиёҳвандлик воситалари мусодараси 8,5 баробарга, синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси эса 400 баробарга кўпайди. Кузатилаётган салбий жараёнлар бу соҳада комплекс чора-тадбирларни белгилаш ҳамда самарали идоралараро ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишни тақазо этмоқда», — деди у.
Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази раҳбари минтақада, хусусан, Ўзбекистонда «дорихона наркоманияси» ҳам кенг тарқалаётгани ташвишли ҳол эканини таъкидлади.
«Минтақамизда „дорихона наркоманияси“ деб аталувчи иллатнинг ёшлар ўртасида кенг тарқалаётгани бизни ташвишга солмоқда. Ушбу йўналишда яқин қўшниларимиз билан тажриба алмашишга ва ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Уюшган жиноятчилик тобора трансмиллий шаклда фаолият юритаётганини инобатга олиб, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, унга қарши трансмиллий жавоб қайтарибгина муваффақиятга эриша оламиз», — дея қўшимча қилди у.
Ўзбекистонда 2024 йилда тарихда илк бор гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024−2028 йилларга мўлжалланган Миллий стратегия қабул қилинди. Маматовнинг тушунтиришича, бу стратегиядан кўзланган асосий мақсад — «аҳолида, айниқса, ёшларда гиёҳвандликка қарши иммунитетни ва наркожиноятларга қарши тоқатсизликни шакллантиришдир».