• Ср. Дек 11th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Кремль Путин ва Шольц суҳбати тафсилотларини очиқлади   — Дарё Янгиликлари


Россия президенти Владимир Путин ва Германия канцлери Олаф Шольц телефон орқали мулоқот чоғида Украинадаги вазият юзасидан батафсил ва очиқ фикр алмашди. Бу ҳақда Кремль хабар берди.

Фото: Россия президенти маъмурияти

Қайд этилишича, музокаралар Германия томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган. Россия етакчисига кўра, Россия “Украина томонидан тўхтатилган” музокараларни қайта бошлашга очиқ ва буни ҳеч қачон рад этмаган.

“Россиянинг таклифлари яхши маълум ва улар июнь ойида Россия Ташқи ишлар вазирлигида қилган нутқида баён этилган. Мумкин бўлган келишувлар Россиянинг хавфсизлик манфаатларини ҳисобга олиши, янги ҳудудий воқеликларга асосланиши ва энг муҳими, можаронинг асосий сабабларини бартараф этиши керак”,  дейилади Кремль баёнотида.

Путин ва Шольц суҳбат давомида Россия ва Германия муносабатларини ҳам муҳокама қилди. Россия раҳбари “Германия ҳукуматининг дўстона бўлмаган муносабати оқибатида икки давлат ўртасида барча йўналишлардаги алоқалар мисли кўрилмаган таназзулга учраганини” таъкидлаган. У агар немис томони қизиқиш билдирса, Москва ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини қайд этган. Томонлар Яқин Шарқдаги можарони ҳам муҳокама қилган.

Шольц Украинадаги фуқаролик инфратузилмаларига уюштирилаётган Россия ҳаво ҳужумларини қоралади

Deutsche Wеllе’нинг хабар беришича, Шольц Путин билан суҳбатда Украинадаги фуқаролик инфратузилмасига қаратилган Россия ҳаво ҳужумларини кескин қоралаган. Бундан ташқари, Германия канцлери Путинни КХДР аскарларини Украинага қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун Россияга юбориш “можаронинг кескинлашувига ва кенгайишига олиб келиши” ҳақида огоҳлантирган.

Немис сиёсатчиси Россиянинг бу урушдан кўзлаган мақсадларининг ҳеч бири амалга ошмаслигини аниқ айтган ва у Москвани “Киев билан жиддий музокаралар олиб боришга” тайёр бўлишга чақирган. У Украинани қўллаб-қувватлаш узоқ муддатли муносабат эканини қўшимча қилган.

Икки давлат етакчилари “алоқада бўлишга” келишиб олди.

Путин билан суҳбатдан олдин Шольц Зеленский билан ҳам телефон орқали суҳбатлашди

DW’нинг аниқлик киритишича, Путин билан суҳбатдан олдин канцлер Украина президенти Владимир Зеленский билан телефонда гаплашган ва у билан яна боғланишни режалаштирган.

10 ноябрь куни Шольц АРД телеканалига берган интервьюсида Украинадаги уруш бўйича Путин билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини, лекин буни алоҳида эмас, балки Украина ва бошқа томонлар иштирокида амалга оширишини айтган:

“Ҳа, вақти келганида мен Россия президенти билан гаплашаман, лекин мен масъулиятли сиёсатчиман, буни ёлғиз қилмайман”.

Россия президентининг расмий сайти маълумотларига кўра, Путин ва Шольц ўртасидаги сўнгги суҳбат 2022 йил 2 декабрьда бўлиб ўтган, унинг асосий мавзуси Украинадаги вазият бўлган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *