Президент куз-қиш мавсумида аҳолини энергия билан барқарор таъминлашни буюрди
Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 21 млрд куб метр газ етказиб бериш режалаштирилган, дейилади президент билан учрашувда. Ҳаво кескин совигандаги режалар ва ижтимоий муассасаларни энергия билан узлуксиз таъминлаш чоралари ишлаб чиқилган. Ҳудудларда газни тежаш имкониятлари амалга оширилади.
Янгийўл шаҳрига янги ҳоким тайинланди
Шу вақтгача Янгийўл шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган Дилшод Султонов лавозимидан озод этилди. Шаҳар ҳокими лавозимига Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазифасида ишлаган Равшан Раимов тайинланди.
Ўзбекистонда бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скрининг усуллари такомиллаштирилади
Ўзбекистонда бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш учун ПЦР ва цитологик текширувдан фойдаланган ҳолда скринингдан ўтказишни кенгайтириш режа қилинмоқда. ССВ раҳбари Асилбек Худаяровга кўра, саратонни эрта аниқлашнинг ҳар бир ҳолати учун бонуслар бериш тажрибаси муваффақиятли ўтган.
Ўзбекистон Осиё-Тинч океани минтақасида трансчегаравий савдони соддалаштириш тўғрисидаги битим иштирокчисига айланди
Ўзбекистон Осиё-Тинч океани минтақасида трансчегаравий қоғозсиз савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимга қўшилди. Ҳужжат электрон савдо ҳужжатларини ўзаро тан олишга кўмаклашади. Бу ҳамкор давлатлар билан экспорт-импорт операцияларини тезлаштириш имконини беради, деб кутилмоқда.
Ўзбекистонга айрим қуёш панеллари импорти 2025 йилдан чекланади
2025 йилдан бошлаб Ўзбекистонда BNEF Tier-1 халқаро рўйхатига кирмайдиган ишлаб чиқарувчилардан қуёш панеллари, инверторлар ва аккумуляторларни олиб киришга тақиқ жорий этилади.
ССВ ҳузурида Харидлар маркази ташкил этилиб, дорилар 15 ойлик талаб асосида харид қилинади
ССВ ҳузурида дориларини ишлаб чиқарувчилардан тўғридан-тўғри харид қилиш ҳамда уларни ҳудудларга етказиб бериш имкониятини берувчи Харидлар маркази ташкил этилмоқда. Шифохоналар учун дорилар 15 ойлик талабдан келиб чиқиб сотиб олинади, яроқлилик муддати яқин қолган дориларни харид қилиш тақиқланади.
Самарқандда диний экстремистик материалларни тарқатган 19 ёшли йигит қамалди
Самарқанднинг Нуробод туманида яшовчи йигит Telegram орқали диний экстремистик материалларни тарқатиб келгани аниқланди. Суд ҳукми билан унга 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Дам олиш кунлари ҳаво илиқ бўлади
Ўзбекистонда 16−17 ноябрь, дам олиш кунлари ҳаво аста-секин илиб, ҳарорат +14…+17 даражагача кўтарилади. Ёғингарчилик кутилмайди, лекин кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин.
Дам олиш кунлари Тошкентда қаерларга бориш мумкин? (16−17 ноябрь)
Тўққизта кинопремьера, Янги йил арчаси очилиши, НеУят фестивали, кўргазмалар, спектакллар, ижодий маҳорат дарслари ва болалар учун машғулотлар, чегирмалар ҳамда келаётган дам олиш кунларидаги бошқа тадбирлар — Afisha.uz жамланмасида.
Ўзбекистоннинг можароли ҳудудлардан қайтганларни реинтеграция қилиш тажрибаси БМТда кўриб чиқилмоқда
БМТ штаб-квартирасида Ўзбекистоннинг можароли ҳудудлардан қайтганларни реинтеграциялаш тажрибаси кўриб чиқилди. «Давлатлар Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда реабилитация ва реинтеграция стратегияларини ишлаб чиқиши долзарб масала», — деди БМТ Аксилтеррор қўмитаси раҳбари Владимир Воронков.
БСК шартномаларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини чекловчи шартлар аниқланди
Кўп квартирали уйларни бошқарувчи компанияларнинг шартномаларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини чекловчи шартлар аниқланди. 2024 йилда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш бўйича 380 та мурожаат келиб тушган.
Электрон шаклда суғурта полисларини расмийлаштириш тартиби тасдиқланди
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг буйруғи билан электрон шаклда суғурта хизматларини кўрсатиш тартиби тасдиқланди. Ҳужжат 3 ойдан сўнг кучга киради.
Президент «Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади
«Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун президент томонидан имзоланди. Ҳужжат 6 ойдан сўнг кучга киради.
«Ёшлар орасида „дорихона наркоманияси“ кенг тарқалаётганидан ташвишдамиз» — Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази
Ўзбекистонда охирги 5 йилда наркожиноятлар сони икки баробарга кўпайди. ННҚММ раҳбари Равшан Маматовнинг айтишича, айниқса синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси 400 мартага кўпайган. «Бу иллатнинг ёшлар ўртасида кенг тарқалаётгани бизни ташвишга солмоқда», — деди у.
Сурхондарёда опасини уриб ўлдирган йигитга ҳукм ўқилди
Сурхондарё вилояти Музработ туманида август ойида опасини калтаклаб ўлдирган 16 ёшли болага ҳукм ўқилди. Суд уни 9 йилга озодликдан маҳрум қилди.
«Анча пайтдан бери ютқизмаётган эдик, шу сабаб бу мухлислар учун оғир» — Сречко Катанец
Қатардан учралган мағлубият Сречко Катанец қўл остидаги Ўзбекистон терма жамоасининг 17 ўйиндаги мағлубиятсиз сериясини тўхтатди. У 2:2 ҳисобида футболчиларга ҳимояда ўйнашни тайинламаганини айтди. «Анча пайтдан бери мағлубиятга учрамаётган эдик, шу сабаб бу мухлислар учун оғир» — деди мураббий.
Украина ҳукумати мамлакат учун «матонат режаси»ни эълон қилди
Украина президенти Владимир Зеленский келгуси ҳафтада мамлакат учун уруш давридаги «матонат режаси»ни тақдим этишини билдирди. У ўнта бандни, жумладан, Украинанинг «маданий суверенитети», хавфсизлик, энергетика ва қурол-яроғ ва бошқаларни ўз ичига олади.
Эстония аҳоли орасида пул етишмаслиги туфайли жиноятчилик кўпайганини эълон қилди
Эстония адлия ва рақамли технологиялар вазири мамлакатда ижтимоий-иқтисодий вазият, жумладан, пул етишмовчилиги туфайли жиноятчилик 4 фоизга ортганини маълум қилди. Бунда озиқ-овқат ва велосипед ўғирлаш сони энг кўп ўсган. Мамлакат инфляция бўйича Евроҳудудда учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Исроил Эрондаги ядровий қуролни ўрганиш махфий лабораториясини йўқ қилган — Axios
Октябрь охирида Исроилнинг Эронга ҳужуми Теҳрон яқинидаги ядровий қурол ишлаб чиқиш бўйича махфий марказни вайрон қилди ва Эроннинг ядровий тадқиқотларни қайта бошлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига «сезиларли даражада путур етказди», деб ёзмоқда Axios.
Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!