Владимир Зеленский АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп маъмурияти Украинадаги можарога барҳам беришни тезлаштириши мумкинлигини айтди.
“Уруш тугайди, аммо санаси ҳозирча номаълум. Эндиликда Оқ уйни бошқарадиган янги жамоанинг сиёсати билан уруш тезроқ тугайди, бу уларнинг Америка жамиятига берган ваъдаси. Улар учун ваъдани бажариш жуда муҳим”, деди Зеленский Public нашрига берган интервьюсида.
Аввалроқ The New York Times журналисти кўплаб украиналиклар Трампнинг АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозониши билан Украина учун уруш моҳиятан тугади, деб ҳисоблашини ёзганди. Шу билан бирга, украиналикларнинг фикрича, улар ҳудудларнинг маълум қисмидан воз кечишга мажбур бўлади.
Трамп Украинадаги можарони имкон қадар тезроқ тўхтатиш ниятида эканини бир неча бор таъкидлаган. Оқ уйнинг бўлажак раҳбари ўзининг режаси тафсилотларини ошкор қилмади, аммо Ғарб оммавий ахборот воситаларида у Киевни ҳудудларни йўқотганини тан олишга мажбурлаши ҳақида тахминлар пайдо бўлди.
НАТО бош котибининг чақириғи
Урушни тугатиш бўйича Россия билан музокараларни қачон бошлашни фақат Украина ҳал қилиши мумкин. Бу ҳақда НАТО бош котиби Марк Рютте Латвия президенти Эдгарс Ринкевич билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
Шу билан бирга, Украина куч позициясидан музокаралар олиб бориш имконига эга бўлиши учун Рютте НАТО иттифоқчиларини ҳарбий ёрдам беришда давом этишга чақирди.
“Фақат Украина ҳукумати Россия билан музокараларни бошлаш ёки бошламаслик ва бу урушни қандай тугатиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Лекин украиналиклар буни кучли позициядан туриб амалга ошириши керак. Шунинг учун мудофаа ёрдамини етказишда давом этишимиз лозим”, дея таъкидлаган Рютте.
Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмон
Украина фронтда Россияга ютқазмоқда. Бу ҳақда НАТО бош котиби Марк Рютте Варшавадаги матбуот анжуманида маълум қилган.
“Эндиликда қиш давомида, керак бўлса ундан ҳам узоқроқ муддат Украинага ҳарбий ёрдам келишда давом этишини таъминлашимиз керак. Украина ўз ҳудудларини йўқотмоқда. Биз Украинанинг фронтдаги аҳволини барқарорлаштиришга, кейин эса ўз ҳудудларини қайтаришга ёрдам беришимиз зарур”, деди Рютте.