Европа иттифоқи Россияга қурол-яроғ етказиб берилиши ҳақидаги маълумотни олгани муносабати билан Хитойга қарши санкциялар жорий қилмоқчи. Бу ҳақда Frankfurter Allgemeine Zeitung маълум қилди.
Манбаларга кўра, 1 декабрь куни лавозимини тарк этадиган ЕИ дипломатияси раҳбари Жосеп Боррель 18 ноябрга белгиланган ташқи ишлар вазирларининг йиғилишидан олдин тегишли разведка маълумотлари ҳақида Европа иттифоқи давлатларини хабардор қилган.
У тақдим этилган далилларни “ишончли” деб атади. Далилларга кўра, Россияга Украинадаги жангларда фойдаланиш учун Хитой томонидан қуроллар етказиб берилган. Боррель бунинг учун Хитойни жазолашни талаб қилди.
Унинг сўзларига кўра, Хитой фирмалари билан операцияларни тўхтатиш, активларни музлатиш ва ЕИ мамлакатларига киришни тақиқлашга олиб келадиган санкциялар рўйхатини яратиш зарур.
Нашр манбаларидан бири таъкидлаганидек, энди кўп нарса Хитойнинг унга қўйилган айбловларга қандай муносабатда бўлишига боғлиқ. Санкциялар ҳақидаги мунозаралар эса ҳали дастлабки босқичда.
Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби Лью Пенгю аввалроқ АҚШ “Хитой Россияга ҳарбий ёрдам бераётгани ҳақида дезинформация тарқатаётганини” айтган эди. Унинг сўзларига кўра, Пекин Украинадаги “можаро иштирокчиларидан бирортасига ҳеч қачон қурол етказиб бермаган”.
Боррелнинг яна бир таклифи
Аввалроқ Европа дипломатияси раҳбари Жосеп Боррель Европа иттифоқига аъзо давлатларга Исроил билан мунтазам сиёсий мулоқотни тўхтатишни таклиф қилди.
Ҳозирча Европа иттифоқи бош дипломатининг оғзаки ташаббуси 18 ноябрь куни ЕИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг бўлажак учрашувида муҳокама қилинади. Исроил билан сиёсий мулоқот 2000 йилда тузилган Ассоциация тўғрисидаги битим билан тартибга солинади. У томонлар ўртасидаги муносабатлар инсон ҳуқуқлари ва демократия тамойилларига ҳурмат кўрсатишга асосланганини ҳам назарда тутади.