Исроил 26 октябрь куни берган зарбаси вақтида Эроннинг ядровий қуроллар бўйича махфий тадқиқот марказини йўқ қилди. Бу ҳақда уч нафар америкалик ҳамда икки нафар исроиллик амалдорларга таяниб Axios портали хабар берди.
Эрон расмий равишда мамлакат ядро қуролини ишлаб чиқармаслигини бир неча бор даъво қилган.
Портал суҳбатдошларига кўра, Исроил зарбаси Теҳрондан тахминан 232 км жануби-шарқда, Парчин ҳарбий мажмуаси ҳудудидаги Таleghan 2 объектига берилган. Мамлакат олий раҳнамоси 2003 йилда ядровий қурол ишлаб чиқаришни тақиқловчи фатво чиқаргунга қадар ушбу объект Эроннинг ядровий қурол дастурининг бир қисми бўлган.
Бироқ йил бошида Исроил ва Америка разведкаси Парчиндаги тадқиқотлар қайта бошланганини қайд этган.
“Улар ядровий қурол ишлаб чиқаришга асос соладиган илмий фаолият билан шуғулланарди. Бу жуда сирли масала бўлган. Эрон ҳукуматининг кичик бир қисми бу ҳақда билар эди, лекин Эрон ҳукуматининг аксарият қисми билмаган”, деди исмини ошкор этмаган АҚШ расмийси.
Портал “Таleghan 2 объекти Исроил томонидан зарба нишони сифатида танлангани бежиз эмас”лигини қайд этган.
АҚШ президенти Жо Байден Исроил ҳукуматини Эрон ядровий дастури объектларига ҳужум қилмасликка чақирган.
“Бироқ бу объект расман эълон қилинмаган. Шу сабабли Эрон ядровий қурол ишлаб чиқаришни қайта бошлаганини ошкор қилмасдан туриб, унга зарба берилгани ҳақида хабар қила олмаган”, дейилади хабарда.
26 октябрга ўтар кечаси Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрондаги ҳарбий объектларга ҳаво ҳужумларини амалга оширган эди. Исроил бу зарбаларни Эроннинг бир неча ой давом этган ҳужумларига жавоб деб атаган.
Исроил армияси Эроннинг стратегик мудофаа қобилияти бутунлай йўқ этилганини даъво қилган.
Эрон ядровий доктринаси
- Эронда 2003 йилдан бери олий раҳнамонинг фатвоси мавжуд бўлиб, унга кўра исломга зидлиги туфайли ядровий қурол ишлаб чиқариш тақиқланади. 2024 йил октябрь ойида Эрон қонунчилари Олий миллий хавфсизлик кенгашини мудофаа доктринасини қайта кўриб чиқиш ва ядро қуролини яратишга рухсат беришга чақирган эди.
Эрон ҳукумати экзистенциал таҳдид юзага келган тақдирда ядровий доктринани ўзгартиришни истисно этмаслигини маълум қилган.
“Эронга экзистенциал таҳдид юзага келган тақдирда ҳам ядровий доктринани ўзгартириш мумкин. Ядро қуролини ишлаб чиқариш учун техник имкониятларимиз мавжуд, инқилоб етакчисининг фатвоси эса бизни тўхтатиб турган ягона нарса”, деган мамлакат олий раҳнамосининг маслаҳатчиси Камол Харрозий.