АҚШ президенти Жо Байден биринчи хоним Жилл Байден баъзида уни коинотга жўнатиш билан таҳдид қилишини тан олди. Америка етакчисининг Перу Республикаси президенти Дина Болуарте билан учрашувдаги баёнотларидан Оқ уй матбуот хизмати иқтибос келтирмоқда.
Байден “Коинотни тадқиқ қилишда АҚШ-Перу ҳамкорлиги” ҳақида гапира туриб, Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA) директори Билл Нелсоннинг бу борадаги ролини таъкидлади.
“Хотиним ҳар сафар назоратдан чиқиб кетганимни сезса, мени космосга жўнатиш учун NASA директорига қўнғироқ қилишини айтиб, таҳдид қилади”, деди Байден. Унинг бу гаплари йиғилганларнинг кулгисига сабаб бўлди. Президентнинг сўзларига кўра, у NASA раҳбари бу ғояни қўллаб-қувватлашидан қўрқади.
Шу билан бирга, Байден май ойида Перу Республикаси Американинг космосдаги хатти-ҳаракатлар нормалари бўйича Артемида келишуви деб номланган таклифларига қўшилганини эслатди.
Американинг Ойни тадқиқ қилиш бўйича “Артемида” дастури Қўшма Штатлар ва бошқа мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама келишувлар сериясидир. Мазкур дастурга 1967 йилги Космос бўйича шартноманинг тамойиллари асос қилиб олинган.
2020 йил май ойида NASA келишувнинг асосий қоидаларини эълон қилган.
Байден ва Трамп учрашуви
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп амалдаги давлат раҳбари Жо Байден билан учрашиш учун Оқ уйга келди.
Маълумотларга кўра, учрашув чоғида Байден ва Трамп ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш зарурлиги ҳақида келишиб олган.
Шунингдек, улар яна бошқа бир қатор масалаларни муҳокама қилди.
“Сиёсат — оғир иш. Бу кўп ҳолларда турли тўполонларга сабаб бўлади. Лекин бу сафар ундай эмас. Мен жараён иложи борича силлиқ ўтишини қадрлайман”, деди Трамп.