Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманига Батирбек Уббиниязов ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда Жўқорғи Кенгес хабар қилди.

16 ноябрь куни халқ депутатлари Бўзатов туман Кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси Аманбай Орынбаев иштирок этди ва сўзга чиқди.

Сессияда Бўзатов тумани ҳокими лавозимига Уббиниязов Батирбек Онгарбаевични тайинлаш масаласи кўриб чиқилди. Таклиф этилган номзодни туман Кенгашининг депутатлари қўллаб-қувватлаб сўзга чиқди.

Сессияда Уббиниязов Батирбек Онгарбаевич Бўзатов тумани ҳокими этиб тайинланди. У бугунги кунга қадар Мўйноқ тумани ҳокимининг экология ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Батирбек Уббиниязов 2022 йил март ойидан бери ҳокимлик қилиб келган Камал Алланиязов ўрнини эгаллади.