Қозоғистоннинг Kaspi.kz технологик компанияси Ўзбекистондаги Humo тўлов тизимининг оператори бўлган Миллий банклараро процессинг марказидаги 100 фоиз давлат улушини сотиб олиш бўйича савдоларда иштирок этмасликка қарор қилди.
Август ойида компания Humo’ни хусусийлаштиришдан манфаатдорлигини билдириб, Давлат активларини бошқариш агентлигига мажбуриятга эга бўлмаган хат юборганди.
«Айни пайтда биз бу жараёнда иштирок этишни давом эттирмасликка қарор қилдик. Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланмоқда, мамлакат ҳукумати эса ислоҳотларнинг жозибадор дастурини амалга оширмоқда… Биз Ўзбекистоннинг қизиқарли рақамли трансформациясида иштирок этиш учун имкониятларни излашни давом эттирамиз», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Humo’ни хусусийлаштириш бошланганлиги ҳақидаги эълонни жойлаштиришда Давактив турли тиллардаги версияларда хатога йўл қўйган. Ўзбек ва рус тилларидаги эълонларда потенциал талабгорлар томонидан қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризаларни топширишнинг охирги муддати 22 август куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача, инглиз тилида эса 30 август куни соат 18:00 гача белгиланган.
ДХА матбуот хизмати буни техник хато билан изоҳлаб, 22 августга тузатди.
Humo ҳақида
Humo миллий тўлов тизими 2018 йил сентябрь ойида ташкил этилган. Ўшанда чакана тўловлар билан ишловчи давлат процессинг марказининг йўқлиги миллий тўлов тизимининг хавфсизлик даражасини пасайтириши, тўлов инфратузилмасининг ягона интеграциясини таъминлаш имконини бермаслиги ва битта монопол тизимнинг ҳукмронлигига олиб келиши қайд этилганди.
Humo тизими ўша пайтдаги ягона хусусий тузилма бўлган Uzcard процессинг марказида катта дастурий носозликдан сўнг пайдо бўлган.
Humo раҳбари Шуҳрат Қурбоновнинг тушунтиришича, тўлов тизимини номарказлаштиришдан мақсад ҳеч кимнинг бозорни монополлаштиришига йўл қўймаслик, аксинча, банкларнинг мустақил бўлишига имкон беришдир.
Компаниянинг устав капитали 155,4 млрд сўмни ташкил этади. Айни пайтда 27 миллиондан ортиқ Humo карталари чиқарилган, 210 мингдан ортиқ терминал ва 6400 дан ортиқ банкомат ўрнатилган.
Президентнинг 30 ноябрдаги қарори билан Humo’даги давлат улуши Давактивга ўтди. Сотилиш эҳтимоли ҳақидаги тахминларга жавобан агентлик «Dunyouzbeklari.Com»га Humo трансфери хусусийлаштириш билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаганди. Банклараро процессинг марказининг Марказий банк балансида бўлиши манфаатлар тўқнашувига олиб келди, деб таъкидлаган ўша пайтда Давактив.
Бироқ президентнинг 19 апрелдаги қарори билан тўлов тизими давлат акциялари ёки акциялар пакетлари очиқ савдоларга қўйилиши керак бўлган 247 та компания рўйхатига киритилган.
Июль ойида Давактив Humo давлат тўлов тизимини сотиб олиш учун аризаларни қабул қилиш бошланганини эълон қилди. Давлат улуши «музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш» усули орқали сотилиши айтилганди.