• Вт. Дек 10th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ИҲТга аъзо давлатлар ўртасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди


Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги Ўзбекистон Миллий павильонида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP29) доирасида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг экологик муаммолар бўйича ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда ИҲТ Бош котиби Асад M.Xon, Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Обиджон Қудратов, ИҲТга аъзо давлатлар вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда иштирокчилар ИҲТ давлатларининг атроф-муҳит ҳолати тўғрисидаги маърузаларини тақдим этдилар ва экологик барқарорликни таъминлашда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилдилар.

«Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти минтақасида дунёдаги энг ноёб экотизимлар, шунингдек, сув ва биологик хилма-хилликнинг энг катта захиралари жойлашган. Аммо бу атроф-муҳитнинг жиддий заифлиги бўлган минтақадир. Қурғоқчилик ва сув тошқини каби экстремал об-ҳаво ҳодисалари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор келажакни таъминлаш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз кераклигини эслатади.

Ўзбекистон доимо экология масалаларида ҳамкорлик тарафдори бўлиб келган. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти мулоқот ва ҳамкорлик платформаси сифатида ўзининг қадр-қимматини аллақачон исботлаб бўлган, бироқ у бугунги куннинг ошиб бораётган экологик муаммоларини ҳал этиш учун ҳам ривожланиши керак», — деди Ў.Қудратов.

Муҳокамалар чоғида қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, чўлланишга қарши курашиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва биологик хилма-хилликни сақлаш каби қўшма экологик лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган аниқ ташаббуслар илгари сурилди.

Илғор тажриба ва технологиялар алмашиш, шунингдек, иқлим ўзгариши соҳасидаги илмий тадқиқотларни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Аъзо мамлакатлар вакиллари экологик муаммоларга янада самарали қарши туриш учун ИҲТ механизмлари орқали саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни кучайтириш муҳимлигини таъкидладилар.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *