Сурхондарё вилояти Музработ туманида эркак билан ишқий муносабатда бўлгани учун опасини ўлдирган 16 ёшли ўсмирга ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Milliy TV телеканалининг Millar кўрсатуви хабар берди.
Жиноят август ойида содир этилган, 18 ёшли Ф.Ж. таёқ ва металл буюмлардан зарба қабул қилиб, олган жароҳати оқибатида вафот этганди.
Ўсмир онасининг тўхтатишга уринишларига қарамай, опасини таёқ синиб кетгунигача урганини тан олди. Хабарда таъкидланишича, айбланувчи жиноятни рашк туфайли содир этган.
А.Ж. айбини бўйнига олиб, пушаймон бўлди, дейилади хабарда. Жиноят ишлари бўйича Музработ тумани суди уни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди (Ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топди ва жазони ахлоқ тузатиш колониясида ўташ билан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.