• Ср. Дек 11th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда янгидан шаклланган Сенат таркиби маълум қилинди 


Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Сенати аъзолари рўйхатга олинганини эълон қилди.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Маълум қилинишича, президентнинг 14 ноябрдаги фармонига асосан тайинланган Олий Мажлис Сенати аъзолари рўйхатга олинди. Шавкат Мирзиёев фармони билан қуйидаги 9 киши сенатор этиб тайинланганди: 

  • Зиё Азамат Ҳамид ўғли– Фанлар академияси Тарих институти директори;
  • Йўлчиева Муножатхон Абдувалиевна – Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти профессори;
  • Кўчимов Абдусаид Кўчимович – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори;
  • Рафиқов Қудратилла Мирсагатович– Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси
  • Рахманкулов Мир-Акбар Ходжи-Акбарович– Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори;
  • Сафоев Содиқ Солихович– Олий Мажлис Сенати раиси биринчи ўринбосари;
  • Саъдуллаев Алишер Зафар ўғли – Ёшлар ишлари агентлиги директори;
  • Турдиев Содиқжон – Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раиси;
  • Худайбергенов Турсинхан Айдарович – президент маслаҳатчиси.

Шунингдек, 7—12 ноябрь кунлари Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш бўйича ўтказилган маҳаллий Кенгашларнинг қўшма мажлислари баённомалари муҳокама қилиниб, улар асосида Олий Мажлис Сенати аъзоларини рўйхатга олиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинди.

Унга кўра, ҳудудлардан жами 51 нафар сенатор сайланди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳам сенатор бўлди.

Янгидан шаклланган Сенатнинг сифат таркиби қуйидагича

  • сенаторларнинг 26,4 фоизини хотин-қизлар ташкил этди;
  • 1 нафари – 30 ёш, 41,6 фоизи – 40 ёшдан 60 ёшгача, 56,6 фоизи – 60 ёшдан катталарни ташкил этди;
  • 98,3 фоизи олий маълумотли бўлиб, 31,6 фоизи илмий даражага эга;

Сенаторларнинг 25 фоизи – иқтисодчилар, 13,3 фоизи – ҳуқуқшунослар, 26,6 фоизи – педагоглар, 13,3 фоизи – муҳандислар, 5 фоизи – тиббиёт соҳаси вакиллари, 16,8 фоизини эса – маданият соҳаси вакиллари, тадбиркор ва фермерлар ташкил этади.

Ҳудудлардан сайланган сенаторлар тўлиқ рўйхати билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.

Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматининг хабар қилишича, 2024 йил 18 ноябрь куни Қонунчилик палатасининг ва 2024 йил 19 ноябрь куни Сенатнинг биринчи мажлисларини Тошкент шаҳрида чақирилиши белгиланди.

Олий Мажлис Сенати ҳақида

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Сенат мамлакатнинг асосий вакиллик органи бўлиб, ижтимоий-сиёсий ва давлат-минтақавий вакилликни ифода этади. Қонун чиқарувчи олий органни шакллантириш ва унинг бундан кейинги фаолиятининг ўзгармас принципи ҳуқуқ ва қонун устунлигини ҳамда ҳокимиятнинг ҳамма тармоқлари аниқ чегараланиши ҳамда мувозанатда бўлишини таъминлашдан иборат.

Конституцияга ва конституциявий қонунларга, бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, Сенат таркибини шакллантиришда, биринчидан, ҳудудий вакиллик органлари сенаторларни сайлаш воситасида, иккинчидан эса, Ўзбекистон Республикаси президенти фармони билан 9 нафар сенаторни тайинлаш йўли билан бевосита иштирок этади. Юқори палатанинг аъзосини сайлаш Сайлов кодекси билан тартибга солинади.

Янгиланган Конституцияга кўра, эндиликда сенаторлар сони 65 нафарни ташкил этади. Улар Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — 4 нафардан (илгари 6 нафардан) сайланади. Сенатнинг яна 9 нафар аъзоси (илгари 16) фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа соҳаларида катта амалий тажрибага эга бўлган энг обрўли фуқаролар орасидан президент томонидан тайинланади.

Сайлов куни 25 ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати, шунингдек, Сенат аъзоси бўлиши мумкин. Айни бир шахс бир пайтнинг ўзида Қонунчилик палатаси депутати ва Сенат аъзоси бўлиши мумкин эмас.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *