12 ноябрь куни Тошкент вилояти Пискент туманидаги Акмал Икромов дала ҳовлилар пунктида номаълум шахслар итларни отиб ташлади. «Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти ҳолат акс этган кузатув камераларидаги видео ва фотоларни эълон қиларкан «итларнинг оммавий ўлдирилгани» ҳақида хабар берди.
Тасвирда қўлларида қурол бўлган эркаклар кўча бўйлаб машинада юргани, сўнгра улардан бири ўқ узгани ва итнинг қичқириғи эшитилганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, фотосуратларда бир нечта, жумладан, ҳовлилардаги итлар ўлдирилгани, улардан бирининг бошидан отилганини кўриш мумкин.
Ҳудудда яшовчи фуқаро Э.З. ўзининг бир ити ўлгани, иккинчиси эса оғир аҳволда ветеринария клиникасида эканлиги ҳақида хабар берган.
Унинг сўзларига кўра, итларни отиш жараёнида ички ишлар, ҳайвонларни тутиш бўлинмаси ходимлари ва овчилар бўлган.
«Меҳр ва оқибат» жамияти Ички ишлар вазирлигига ушбу ҳолатга аниқлик киритиш ва ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганларни ҳамда қурол ишлатган шахсларни қонун бўйича жазолашни сўраб мурожаат қилди.
Вилоят ИИББ матбуот хизмати вазият назоратга олингани, «воқеада иштирок этган фуқароларда бўлган ов қуроллари тегишли тартибда олиб қўйилгани»ни маълум қилди. Бироқ жараёнда қанча одам иштирок этгани, қанча қурол олиб қўйилгани ва уларга қандай айбловлар қўйилгани очиқланмаган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ҳудудий ИИБ томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб, судга юбориш чораси кўрилмоқда, дейилади хабарда. Бошқарма натижа бўйича қўшимча ахборот берилишига ишонтирди.
Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик
Ўзбекистонда ҳайвонларни тутувчи хизматларнинг жониворларга шафқатсиз муносабатда бўлиши долзарб муаммо бўлиб қолмоқда.
2019 йилда «Dunyouzbeklari.Com» Самарқандда ит ва мушуклар оммавий равишда заҳарлангани ҳақида репортаж эълон қилган. 2018 йилда Жиззах вилояти Пахтакор туманида ҳайвонлар йиллар давомида қириб келинаётгани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Тошкентдаги ҳайвонларни тутувчи хизматнинг ҳолати ҳақида ҳам ёзилган.
2022 йилнинг март ойида Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида итларни оммавий тутиш ва уларга нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлиш, жумладан, уларни ўлдириш ҳолатлари қайд этилган. 2023 йилнинг сентябрь ойида Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани ободонлаштириш бўлими ходимлари аҳолининг эгасиз итлар туфайли болалари мактабга боролмаётгани бўйича қилган шикояти сабабли 13 та эгасиз ва дайди итни заҳарли хўрак ёрдамида ўлдирган.
Президент 2019 йилда назоратсиз ҳайвонларни тутиш ва сақлаш соҳаси бўйича қарорни имзолаганди. Ҳужжатда аҳоли пунктларида кучук ва мушукларни сақлаш қоидалари ҳамда назоратсиз ҳайвонларга нисбатан раҳмли бўлишни таъминлайдиган уларни тутиш ва вақтинча сақлаш қоидаларини такомиллаштириш таъкидлаган.
Бундан ташқари, тутилган назоратсиз ҳайвонлар тўғрисидаги маълумотларни, уларни идентификацияловчи белгилар (фотосуратлар, биркалар, намунавий белгилар ва бошқалар) кўрсатилган ҳолда жойлаштириш учун умум фойдаланиладиган ахборот тизимининг фаолият юритиши йўли билан уй ҳайвонлари эгаларини хабардор қилиш чора-тадбирларини такомиллаштириш кўзда тутилганди. Шу билан бирга, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари қошида назоратсиз ҳайвонларни тутиш бўйича бўлимларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиши режалаштирилганди.
Ўша пайтда Давлат экология қўмитаси (ҳозирги Экология вазирлиги) томонидан ҳукумат қарори лойиҳаси ҳам эълон қилинган. Унда эгалари йўқ ҳайвонларни тутувчи отрядларни ҳокимликлар қошидаги ободонлаштириш бошқармаларининг эгалари йўқ ҳайвонларни қутқариш хизматига айлантириш, шунингдек, махсус бошпана қурилиши учун ер участкаларини ажратиш таклиф қилинган эди.
Президентнинг 2023 йил июндаги «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорида «уй ҳайвонлари ва қаровсиз ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани, уларни идентификация қилиш, чиплаш, эмлаш ва стерилизация қилишнинг замонавий тизими мавжуд эмаслиги» қайд этилган.
Ушбу режаларга қарамай, ҳайвонларни тутиш хизматларини яхшилаш ва уларнинг ишини инсонпарварликка йўналтириш бўйича жиддий ўзгаришлар кузатилмади.