Самарқанд вилоятининг Ургут туманида Cobalt ва Damas тўқнашиши оқибатида уч киши вафот этганди. Айбдор ҳайдовчига жазо тайинланди.
ЙТҲ 29 июль куни содир бўлган. 2003 йилда туғилган Cobalt ҳайдовчиси Ургут—Ғўс йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган вақтда рул бошқарувини йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатланиб келаётган, 1991 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги Damas билан тўқнашган.
Оқибатда Damas ҳайдовчиси ва йўловчиси оғир тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида, яна бир йўловчи эса шифохонада вафот этган. Шунингдек, яна икки нафар Damas йўловчилари ва Cobalt автомобили ҳайдовчиси тан жароҳатлари олиб, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
“Миллар” дастурида хабар қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши ЖИБ Ургут тумани судида кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 3 йилга автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, унга нисбатан 9 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.