• Сб. Мар 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Шавкат Мирзиёев Финляндия президентини Ўзбекистонга таклиф қилди  — Дарё Янгиликлари


Президент Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Боку шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (CОP29) доирасидаги Жаҳон етакчилари саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Унда давлат раҳбари қатор ташаббусларни илгари сурди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев иқлим бўйича саммит доирасида Европа кенгаши раиси Шарль Мишель билан учрашди. Ўзбекистоннинг Европа иттифоқи билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон етакчиси CОP29 саммити доирасида Финляндия президенти Александр Стубб билан ҳам учрашув ўтказди. Унда 2025 йил январь ойида Хелсинки шаҳрида бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес форумига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев ҳамда Черногория президенти Яков Милатович ўртасидаги учрашувда ҳукуматлараро комиссия тузиш ва унинг биринчи йиғилишини келгуси йилда Тошкент шаҳрида бизнес форуми билан биргаликда ўтказиш таклиф этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон етакчиси, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо ҳамда Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир билан ҳам музокаралар ўтказди.

13 ноябрь куни Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон раҳбарлари “яшил” энергияни ривожлантириш ва узатиш лойиҳасига старт берди. Тадбирда сўзга чиққан Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергия иқтисодий мақсад эмас, балки келажакка қўшилаётган ҳисса, келгуси авлодлар олдидаги масъулият туйғусининг натижаси эканини таъкидлади.

Шунингдек, Боку шаҳрига амалий ташриф доирасида 13 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Чехия ва Греция бош вазирлари ҳамда Глобал экологик фонд (ГЭФ) бош директори ва раиси Карлос Родригес билан учрашув ўтказди.

Давлат раҳбари Боку шаҳрида БМТнинг Бутунжаҳон иқлим саммитида (CОP29) ташкил этилган Ўзбекистон Миллий павильони билан ҳам танишди. Президент Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказди.

Шу билан бирга, Озарбайжонлик шоир Акиф Бағиров Ўзбекистон президентига озарбайжон тилида тайёрлаган “Шавкат Мирзиёев феномени” китобини тақдим этди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *