АҚШ президенти Жо Байден илк бор Украинанинг Россия ҳудудига ATACMS узоқ масофага учувчи ракеталарини қўллашига рухсат берди, деб ёзмоқда New York Times манбаларга таяниб.
Номлари ошкор этилмаган расмийларнинг сўзларига кўра, гап Курск вилоятида Украина кучларини ҳимоя қилиш учун ATACMS узоқ масофали ракеталаридан фойдаланиш ҳақида кетмоқда. Аммо кейинроқ Байден Киевга ATACMS`дан «бошқа жойларда ҳам» фойдаланишга рухсат бериши мумкин, деб ёзади NYT.
Нашр маълумотларига кўра, Байден Россиянинг Шимолий Корея қўшинларини жанговар ҳаракатларга жалб қилиш қарорига жавобан Украинага Россия ҳудудига зарба бериш учун ATACMS ишлатишга рухсат берган.
Киев яқин кунларда Россия ҳудудига узоққа отиш қуроллари билан зарба беришни режалаштирмоқда, деб хабар берди Reuters ўз манбаларига таяниб. Оқ уй бунга изоҳ беришдан бош тортди. Манбаларга кўра, дастлабки зарбаларнинг масофаси 306 км гачани ташкил этади.
Трамп ўз лавозимини эгаллаганида Байденнинг қарорини бекор қиладими ёки йўқми, аниқ эмас, дея таъкидлайди Reuters. Трамп узоқ вақтдан бери АҚШнинг Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдами кўламини танқид қилиб келади ва қандай қилиб эканини тушунтирмасдан, урушни тезда тугатишга ваъда бермоқда.
Шунга қарамай, Конгрессдаги баъзи республикачилар Байденни Украина АҚШ томонидан етказиб бериладиган қуроллардан қандай фойдаланиши мумкинлиги ҳақидаги қоидаларни юмшатишга чақирган.
Россия Украинада АҚШ қуролларидан фойдаланиш бўйича чекловларни юмшатиш ҳаракатини жиддий эскалация сифатида кўриши ҳақида огоҳлантирган.
Гарчи баъзи АҚШ расмийлари узоқ масофали зарбаларга рухсат бериш урушнинг умумий йўналишини ўзгартиришига шубҳа билдирган бўлса-да, бу қарор Россия кучлари ютуқларга эришаётган бир пайтда Украинага ёрдам бериши ва, эҳтимол, ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар пайтида Киевни яхшироқ музокаралар олиб боришга ёрдам бериши мумкин, дейилади хабарда.
- ATACMS — модификацияга қараб 150 дан 300 километргача бўлган узоқ масофали баллистик ракеталардир. Май ойида узоқ муҳокамалардан сўнг АҚШ Украинага Россиянинг чегарадош ҳудудларига зарба бериш учун 80 километрга яқин масофага учадиган HIMARS реактив артиллериясидан фойдаланишга рухсат берганди — аммо фақат Харьков яқинида, сабаби у ерда Россия армияси ҳужумга ўтмоқчи бўлган. Ўшанда Украинанинг илтимосига қарамай, ATACMS`дан фойдаланишга қўйилган чекловларни олиб ташлашдан бош тортилган.