Париж—2024 ёзги Олимпия ўйинлари кумуш медали соҳиби Светлана Осипова Олимпиадалар ва Жаҳон чемпионатлари хусусида фикрларини билдириб ўтди.
Таэквондочининг МОҚ матбуот хизматига берган интервьюсида айтишича, у айни пайтда тикланмоқда, шунингдек, машғулотлар ҳам тўхтаб қолмаган.
— Роппа-роса 2 йил олдин давлатимиз байроғи қабул қилинган кун арафасида тарихий жаҳон чемпионлигини қўлга киритган эдингиз. Қолаверса, Париж—2024 ёзги Олимпия ўйинларида ҳам делегациямизга тарихий медаллардан бирини келтирдингиз. Келинг, ўша пайтлардаги таассуротларингизни ёдга олиб, биз билан улашсангиз.
— Ҳар икки мусобақадаги ҳиссиётларимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Жамоамиз билан спортимиз тарихида аёллар таэквондосида жаҳон чемпионатларида биринчи олтин ва Олимпиадалардаги илк медални қўлга киритишни уддаладик. Ушбу натижага эришишим учун ёрдам берган давлатимиз, ассоциациямиз, жамоам ва оиламга миннатдорлигимни билдираман. Токио—2020 Олимпиадасидан медал ололмаганимдан кейин Мексикадаги жаҳон чемпионлиги менга катта туртки бўлди. Меҳнат билан барча нарсанинг имкони борлигини тушуниб етганман.
— Сизда барча мусобақаларнинг медали бор. Шундай бўлса ҳам сизни қандай мотивация яна даянгга чақиряпти?
— Ҳа, менда ҳамма турнирларнинг медали мавжуд. Бу ажойиб натижа ва унда кўпчиликнинг меҳнати бор. Мотивациям эса, бугун кечагидан яхшироқ бўлишим кераклиги. Бу мен учун энг муҳим жиҳат. Ўзим мисолимда барча нарсанинг имкони борлигини кўрсатишни истайман. Ҳар қандай вазият ва шароитда ҳам нимадир ўрганиш ва нимагадир эришиш керак. Мен қачондир ўзгаларга ўрнак бўла олаётганимни сезсам, шу менга мотивация беради.
Аввалроқ дзюдо бўйича Париж—2024 ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони Диёра Келдиёрова ҳам айни вақтда жароҳатларини даволаётганини айтганди.