• Вт. Дек 10th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда 18−24 ноябрь кунлари об-ҳаво қандай бўлади? «Dunyouzbeklari.Com» шарҳи


Ўзбекистонга 18−24 ноябрь оралиғида ҳаво ҳароратини кескин совитиб юборувчи Арктик оқимлар кириб келиш кутилмаси мавжуд эмас. Ҳафта бошида Каспий денгиз устидаги нам ҳаво оқимлари таъсир қилиб, душанба-чоршанба кунлари айрим ҳудудларга бироз ёғингарчилик тушиши кутилади. Ҳафта ўртасидан ҳароратнинг сезиларли кўтарилиши, ҳатто жанубий вилоятларда 20−21 ноябрь кунлари ҳарорат максимумлари +22…+24 даражагача етиши, водий вилоятларида эса давомли қалин туман ҳодисалари кузатилиши мумкин.

Манба: NASA

Ҳафта бошида Ўзбекистонга ғарбдан кириб келувчи нам оқимлар кетма-кетлиги булутли ҳаво ва баъзи жойларга ёғин келтирса, ҳафта ўртасидан қўшни Туркманистон орқали иссиқ ҳарорат кириб келиши ҳудудларга худди баҳорий илиқлилик тақдим этади. Бу каби об-ҳаво муҳити келаётган ҳафта давомида ҳаво ҳароратини деярли бир хил бўлишини таъминлайди. Сунъий йўлдош тасвирларидан кўринишича, ҳафта бошидаги нам ҳаво оқимлари кетидан такрорий нам ҳаво оқимларининг шаклланиши ва унинг республика ҳудудларига кириб келиши кейинги ҳафта кунларига тўғри келади.

Ҳафта давомида ҳарорат режими тунда +0…+5 даража, ҳафта бошида шимол ва водийда -3 даража совуққача ўзгаради. Кундузи эса ҳарорат бироз юқори бўлади. Ҳарорат ҳафта давомида Ўзбекистоннинг катта қисмида +17…+22 даража диапазонида ўзгариб туради. Жанубий вилоятларда ҳафта ўртасида ҳарорат максимуми +25 даражагача кўтарилса, шимол ва водий ҳудудларида туман ҳодисаси ҳисобига ҳарорат кундуз куни ҳам + 5 даражадан кўтарилмаслиги мумкин.

иқлим, об-ҳаво маълумоти, об-ҳаво прогнози, об-ҳаво шарҳи, эркин абдулаҳатов

Ҳафта бошидаги циклонал нам ва кейинроқ жанубий қуруқ ҳаво оқимлари сериясининг минтақага давомий кириб келиши кишиларда ҳудудларда ҳаво ҳароратининг ноябрнинг биринчи ярмига нисбатан бироз юқори бўлаётгандек тасаввурни беради. Аслида ҳам шундай.

«Ўзгидромет» прогнозларига кўра, 18 ноябрда республика жанубида ҳаво ҳарорати +17…+22 даража, бошқа ҳудудларда +13…+18 даражагача илиқ, тоғларда +5…+10 даража илиқ бўлади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳудудларида бироз ёғингарчилик кутилади. Бошқа вилоятларда ёғингарчилик кутилмайди. Жойларга туман тушади. Устюрт платоси ва тоғларда қор ёғиши мумкин. Тошкент, Сирдарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида шамол тезлиги кучайганда сониясига 15 метргача етиши мумкин.

Синоптиклар 19−21 ноябрь кунлари учун ҳам ҳудудларда илиқ ҳарорат, айрим вақтларда ёғингарчилик кузатилишини маълум қилган. Шу саналарда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди, фақат Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 19 ва 21 ноябрь кунлари, 20 ноябрда эса Фарғона водийси вилоятларида бироз ёғингарчилик кузатилиши прогноз қилинган.

иқлим, об-ҳаво маълумоти, об-ҳаво прогнози, об-ҳаво шарҳи, эркин абдулаҳатов

19−20 ноябрь кунлари жанубий вилоятлардан ташқари деярли барча ҳудудларда туман ҳодисалари кутилади. Ҳозирда ҳаво ҳароратининг ноль даражага яқинлиги боис, ҳудудларда иқлимий шароитдан келиб чиқиб, кўриниш масофасининг 100 метрдан пастгача чекланиши билан боғлиқ қалин туман ҳодисаларига гувоҳи бўлиш мумкин.

Ушбу ҳодисалар авиарейслар тақвими ўзгаришига, автомобиль йўлларида ЙТҲлар сони кўпайишига сабаб бўлиши мумкин. 21 ноябрь куни ҳам ҳудудларда қалин туман тушишини тахмин қилиш мумкин. Туман ҳодисалари асосан ҳафта бошида кузатилади. Ҳароратнинг сезиларли кўтарилиши фонида бу каби ҳодисалар камайиб боради.

иқлим, об-ҳаво маълумоти, об-ҳаво прогнози, об-ҳаво шарҳи, эркин абдулаҳатов

19−21 ноябрь кунлари ҳаво ҳароратида душанбага нисбатан ўзгариш йўқ. Тунлар шимол ва водийда +0…+5 даража, жанубда +4…+9 даража, бошқа ҳудудларда эса +2…+7 даража илиқ бўлади. Кундузи ҳам ҳаво ҳарорати юқорироқ: масалан, шу саналарда жанубда +22 даражагача, бошқа ҳудудларда эса +13…+18 даража илиқлилик кузатилади. Туман тушган ҳудудларда ҳарорат бирмунча совуқ бўлади. 20 ноябрь куни Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ҳарорати +25 даражагача етиши ҳам мумкин. Шу муддатда тоғларда тунда -3 даражагача совуқ, кундузи +7 даражагача илиқ ҳарорат кутилади.

иқлим, об-ҳаво маълумоти, об-ҳаво прогнози, об-ҳаво шарҳи, эркин абдулаҳатов

Жума ва дам олиш кунлари республика ҳудудларида ҳарорат ҳафта боши ва ўрталарига нисбатан бироз пасаяди. Аммо бу каби ҳарорат ўзгаришини аҳоли ўз танида деярли сезмайди. Бу кунларда ёғингарчилик кутилмайди.

Умуман, ҳафта давомида умумий ҳарорат фони иқлимий меъёрдан юқори, ёғингарчилик бўйича бироз қуруқ бўлиши кутиляпти. Келаётган нам ҳаво оқимларидан (тоғларни ҳисобга олмаса) ҳудудларга у қадар кўп ёғин тушмайди. Баъзи замонавий иқлим моделлари 19 ноябрда Тошкент вилоятидагина 12 соатда умумий 10−25 миллиметргача ижобий ёғингарчилик кутилмаларини тақдим этган.

Манба: ECMWF иқлим моделиМанба: ECMWF иқлим модели

Яна бир иқлим модели Ўзбекистонда ҳафта давомида максимал ҳаво ҳарорати +25 даржагача кўтарилишини, минимал ҳаво ҳарорати фақат тоғларда ва шимолда ноль даражадан бироз паст бўлишини прогноз қилган. Демак, жорий ҳафта жойларда баҳорий илиқ об-ҳаво муҳити кузатилади.

Кутилаётган, ноябрнинг иккинчи ярми учун кўп ҳам хос бўлмаган бундай юқори ҳарорат таъсирини нафақат инсон танаси, балки табиат, дов-дарахтлар ҳам ўз танида яхши ҳис қила бошлайди. Бу каби кузги илиқлик айрим ҳудудларда баъзи дарахтларнинг қайта барг очишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Ҳафта давомида табиий об-ҳаво муҳити инсон саломатлигига катта хавф кўрсатиш даражасида бўлмайди.

19 ва 21 ноябрь кунлари Ўзбекистон аҳолиси нам ҳаво оқимлари муҳити таъсирида бўлади. Бу сафарги, марказида атмосфера босими 1020 гПа гача пасаювчи циклонал таъсир айнан шу омилдан азият чекувчилар учун деярли таъсир кучига эга эмас. Ҳар эҳтимолга қарши, циклонал таъсир ўзгаришларга мойил аҳоли шу саналарда циклонал об-ҳаво муҳитини инсон организмига таъсирини камайтиришда аввалги материалдаги тавсияларга амал қилишлари керак.

Ҳафта бошидаги асосий аҳоли истиқомат қилувчи ҳудудларда шамол тезлиги сониясига 15 метргача кучайиш эҳтимоли атмосфера босими қисқа вақт ичида ўзгаришига «ишора» бўлиб, бу қон босими касаллиги билан оғриган беморларга таъсир қилиши мумкин. Аммо бу хавф ҳам саломатликда сезиларли ўзгартиришларни келтириб чиқармайди.

Ҳафта ўрталарида атмосферада кузги ҳароратнинг ноодатий юқорилаши ҳавода кислород етишмовчилигини келтириб чиқаради, у кундуз кунлари баъзи кишиларда лоқайдлик, ланжлик, бироз бошоғриғини келтириб чиқариши мумкин. Бу каби ўзгаришларга таъсирчанлар аввалги материалдаги тавсияларга амал қилишлари фойдадан холи эмас.

Биоиқлимий шароитлар

Жорий ҳафта турли ҳудудлар аҳолиси бир-биридан фарқ қилувчи турлича ҳарорат таъсири остида бўлади. Водий вилоятларининг катта қисми қалин туман ҳисобига кундузи ҳам кучли совуқни ҳис қилса, шимолдаги аҳоли ҳам юқори намлик ҳисобига бу каби таъсирни ўз танида ҳис этади. Худди шу вақтда Ўзбекистоннинг қолган катта қисмида кузги комфорт иқлимий муҳит кузатилади.

Ҳафта бошидаги ёғинли об-ҳаво муҳитида кишилар қалинроқ кийинишга мажбур бўлади, ўзлари билан соябон олиб юришлари ҳам мумкин. Кейинроқ ҳароратнинг +20 даражага яқинлашиши ва ундан ҳам ошиши жанубий ва марказий вилоятларнинг аксар аҳолисини кундузи енгилроқ кийинишга ундаши мумкин. Аммо тунда енгил кийимлар кийиб юриш соғлиқ учун зарар — ҳарорат паст бўлади.

Ҳафтанинг душанба ва чоршанба кунлари қор ёғишини кузатиш учун тоғли ҳудудларга саёҳат уютириши мумкин.

Космик таъсирлар

Душанба куни аҳоли магнит бўронининг 4−6 баллик қизил хавфга эга таъсиридан азият чекиши мумкин. 15−16 ноябрь кунлари Қуёш сиртидаги бир нечта М синфли кучли чақнашдан ажралиб чиққан қуёш плазмалари Ерда 18 ноябрь куни 4−6 баллик магнит бўронларни келтириб чиқариши кутилмоқда.

Ўтган ҳафтада Қуёшда кучли чақнашлар билан боғлиқ «сокинлик» кузатилгани инобатга олинса, сайёрамиз магнитосферасида сўнгги кунларда кучли магнит бўрони қўзғалишлари юз бермади. Иш ҳафтасининг бошқа кунлари аҳоли магнит бўронларининг қўзғалишлари таъсирига тушмайди.

Манба: xras.ruМанба: xras.ru

Қозоғистондаги Ионосфера институти жорий ҳафта иш кунлари учун тақдим этган геомагнит бўрони прогнозига кўра, аҳоли душанба куни кучли геомагнит бўронлари таъсирига тушиши мумкин. Ҳафтанинг бошқа кунлари эса «яшил» даражадаги қўзғалишлар юз беради — улар саломатликка умуман хавф туғдирмайди.

Манба: Ionos.kzМанба: Ionos.kz

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бу каби прогнозларнинг ўзини оқлаш даражаси анча паст. Ҳозир Қуёш ўзининг ҳар 11 йилликдаги энг фаол чақнашлари даврида турибди. Қуёшда тўсатдан Х ва М синфли чақнашлар сони кузатилиши билан унинг коронал массаси Қуёш шамоллари орқали сайёрамиз юқори атмосферасига 2−3 суткада етиб келиши ва сайёрада «кучли», «жуда кучли» ва ҳатто «экстремал» геомагнит бўронларини келтириб чиқариши мумкин. Ҳозир магнит бўронларини 2 кундан ортиқ муддат учун ишончли прогноз қиладиган ечим ва воситалар йўқ.

Тавсиялар. Магнит бўронига таъсирчан аҳоли қатлами бўрон вақти жисмоний зўриқишлардан қочиши, кўпроқ дам олиши, кўп овқатланмаслиги, спиртли ичимликлардан тийилиши мақсадга мувофиқ. Шифокорлар бундай пайтда кўпроқ сув ичишни ҳам тавсия этади.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Душанба куни кутилаётган ёмғирли об-ҳаво муҳити ҳавода майда дисперс заррачалари тарқалишига имкон яратмайди. Фақат сешанба ва ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳароратнинг бироз юқори кўтарилишида пастдан юқорига кўтарилувчи куч ҳисобига ифлосланиш рўй бериши мумкин.

Лекин мазкур ифлосланишлар, катта эҳтимол билан, жуда хавфли даражага эга бўлмайди. Чунки ер сиртида етарлича намлик мавжуд. Бу каби прогнозлар атмосферанинг табиий ифлосланиши ҳисобланиб, жойларда антропоген ифлосланишлар инсонлар, идора ва корхоналар ҳатти-ҳаракатига боғлиқ.

Ҳавода майда чанг заррачаси билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.

Шундай қилиб, жорий ҳафта об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар сешанба ва жума кунлари бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини анча енгил ҳис қилиши кутилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *