Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисидаги қонун имзоланди, деб хабар берди Адлия вазирлиги. Қонун омбудсман фаолиятини тартибга солади.
Ҳужжатга кўра, омбудсман — мансабдор шахс, у давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.
️️Сайланиш куни 30 ёшга тўлган, камида беш йил мамлакат ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси ушбу лавозимига сайланиши мумкин.️ Қонунда омбудсман Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан 5 йил муддатга сайланиши ва айни бир шахс лавозимга сурункасига икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмаслиги белгиланди.
️Омбудсман сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни ўз ваколатлари муддатига тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши шарт бўлиб, шунингдек, илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
Бундан ташқари, омбудсманга фуқароларнинг шикоятлари асосида ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда. Яъни омбудсман фуқароларнинг, республика ҳудудида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, юридик шахсларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ташкилотларнинг ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ҳамда ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.
Омбудсман мурожаат этувчига унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилгани тўғрисида маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан ёки бошқа воситалардан фойдаланган ҳамда қабул қилинган қарорлардан қаноатланмаган бўлса, унинг шикояти бўйича охирги қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан бир йил ичида берилган шикоятларни кўриб чиқади.
️Қуйидагилар инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг таъсир чоралари ҳисобланади:
- огоҳлантириш;
- тақдимнома;
- илтимоснома;
- талабнома.
Омбудсман қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли. Омбудсман ва унинг ўринбосари Ўзбекистон ҳудудида ҳаво, темирйўл, автомобиль йўловчилар транспортида (бундан такси ва шаҳар йўловчилар транспорти мустасно) имтиёзли юриш ҳуқуқига эга.