Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида 2024 йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида содир этилган мудҳиш қотиллик воқеаси кўриб чиқилаётгани хабар берилганди. Суднинг 18 ноябрь соат 16:00 да давом этган навбатдаги мажлисида қотилликка қўл ургани айтилаётган судланувчи кўрсатмаси ҳам тингланди. Бу ҳақда судда қатнашган “Дарё” журналисти хабар берди.
“Чин қалбимдан пушаймонман, кечиринглар, мусулмонлар. Илтимос қилиб, мени афв этишларингизни сўрайман. Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан ҳам илтимос қилиб, афв этишларини сўрайман”, дейди 31 ёшли судланувчи.
Судда прокурор сўровига жавоб қайтарган судланувчи қонуний никоҳи йўқлигини, шаръий никоҳ асосида марҳум боланинг онаси Н.Н. исмли аёл билан яшашини маълум қилди.
“Аллоҳ гувоҳлигида қонуний никоҳдан ҳам ўтамиз. Қизимиз бор. Бир йилдан бери бирга яшаб келардик”, дейди у оиласи ҳақида гапирар экан.
Давлат айбловчиси судланувчига юзланиб, “Боланинг нега айнан кўзига тан жароҳати етказдингиз?”, дея савол берди. Саволга қўшимча қилган судья эса судланувчи 3 яшар болани оғирлаштирувчи ҳолатлар билан қасддан ўлдиргани сабаби билан қизиқди. “Ўзи бу ҳолат бўлдими, қандай бўлди?”, дея савол берди.
“Эсимда йўқ, кўп кайф қилиб юборганман. ‘Гулук’да бўлганман, ҳамма билади. Кечиринглар”, деди судланувчи саволга жавобан.
Судланувчининг адвокати унинг сўзларини изоҳлар экан, “гулук” сўзини изоҳлаб, “судланувчи ичимга жин кириб қолди, болани ўлдиришимни буюрди деяпти”, дея қўшимча қилди.
Судлов ҳайъати раиси бунга жавобан судланувчи тергов учун ҳибсда ушлаб турилган вақтда, яъни бир ой давомида доимий махсус кузатув остида бўлганини, суд психиатрия экспертизаси бир ойлик кузатувлардан сўнг унинг жиноят содир қилаётган пайтда руҳий касалликлар билан оғримаганини, ўзининг жиноий ҳаракатларига жавоб бера оладиган ҳолатда бўлганини билдирганини таъкидлади.
Судланувчининг ўзи эса воқеа содир бўлган пайтда у наркотик ва психотроп дорилар таъсирида бўлганини маълум қилди.