АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп фавқулодда ҳолат жорий этиш ва миграцияга қарши курашиш учун ҳарбийлардан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда америкалик сиёсатчи Том Фиттон Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди. Унинг хабарини Трамп репост қиларкан, «True!!!» (Рост) дея маълумотни тасдиқлади.
Трамп матбуот котиби Каролин Ливитт Newsweek нашрига айтишича, бўлажак давлат раҳбари «Америка тарихидаги ноқонуний жиноятчилар, гиёҳванд моддалар савдоси ва одам савдоси билан шуғулланувчиларни депортация қилиш бўйича энг йирик операцияни ўтказиш учун федерал ва штат даражасидаги барча ваколатлардан» фойдаланмоқчи.
Трамп АҚШдаги ноқонуний муҳожирларга қарши кескин курашиш режасини бир неча бор эълон қилган. У қонунни бузган муҳожирлари бор ҳар бир шаҳар ва ҳудудларни қутқаришга ваъда берган ва уларни АҚШдан «имкон қадар тезроқ» чиқариб юборишини айтган.
Сайловолди пойгаси давомида у Америкага борувчилар томонидан содир этилган қоидабузарликлар ҳақида баҳсли баёнотларни берганди: масалан, Трамп Ҳаррис билан дебати давомида фитна назариясини такрорлаган — гўёки АҚШдаги муҳожирлар уй ҳайвонларини истеъмол қилмоқда. Бошловчилар жараёнга аралашган ва Трамп айтган Оҳайо штатининг Спрингфилд шаҳри бошқарувчиси бу миш-мишни рад этганини таъкидлаган. Спрингфилддаги гаитиликлар ҳамжамияти Трампнинг бу баёнотларини «қоралов» деб атаган ва сиёсатчи келтирган маълумотлар рад этилганини таъкидлаб, судга мурожаат қилган.
АҚШнинг янги маъмуриятида ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш учун Трамп даврида иммиграция ва божхона хизматининг собиқ раҳбари — «чегара қироли» Том Хоман жавоб беради, деб ёзади РБК. Унинг биринчи даврида Хоман хорижликларга нисбатан «ноль муросасизлик» сиёсатининг юзи эди. Қамоқда сақлаш ва депортация пайтида минглаб ҳужжатсиз мигрант болалар ота-оналаридан ажралганида оила аъзоларини ажратиш амалиёти унинг номи билан боғлиқ бўлган.
CBS маълумотларига кўра, АҚШда 11 миллиондан ортиқ муҳожир (аҳолининг қарийб 3 фоизи) ҳужжатсиз яшайди, уларнинг деярли 80 фоизи мамлакатда ўн йилдан ортиқ вақтдан бери истиқомат қилиб келмоқда.