Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан долзарб экологик масалаларни ҳал қилишда жиддий қадамлар ташланмоқда. Хусусан, глобал муаммога айланиб улгурган Орол муаммосини ҳал қилишда бевосита Янги Ўзбекистон тажрибаси қўлланилмоқда.
Оролга халқаро эътибор
Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72 ва 75-сессияларида Орол денгизи инқирози глобал экологик муаммолардан бири эканлигини таъкидлади. Ана шундай таклиф ва ташаббуслар натижаси ўлароқ, 2018 йилнинг 27 ноябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ қароргоҳида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди ташкил этилди.
Мазкур фонднинг асосий мақсади Оролбўйидаги аҳоли турмуш фаолияти билан боғлиқ бўлган тиббий, иқтисодий ривожланиш, экологик, ижтимоий ҳимоя ва бошқа муаммоларни ҳал қилишда мувофиқлаштирилган ёндашувни таъминлаш, Ўзбекистон ҳукумати, БМТ агентликлари, донорлик ташкилотларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва минтақа ривожи учун техник ҳамда молиявий ресурсларни сафарбар этиш ва Оролбўйи минтақаси учун ўзига хос экологик инновацион технологиялар ва ёндашувларни жалб қилишдан иборатдир.
Оролбўйи минтақаси — экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди
Давлатимиз раҳбари Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг Туркманистонда 2019 йилда бўлиб ўтган саммитида Оролбўйи ҳудудини экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш таклифини илгари сурди. 2021 йил 18 май куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди.
Бу ташаббус экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хорижий инвестицияларни жалб этиш учун шароит яратиш, «яшил» иқтисодиёт, экологик тоза, энергия ва сув тежайдиган технологиялар тамойилларини комплекс татбиқ этиш, чўлланиш ва экологик миграциянинг давом этишига барҳам бериш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш имконини берди.
Ушбу махсус резолюцияда белгиланган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш, Оролбўйи минтақасини экологик ва гуманитар инқироз юз бераётган ҳудуддан экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 июлда «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан Оролбўйи минтақасига иқтисодиёт тармоқларида ресурстежовчи ва юқори самарага эга замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ этиш, экологик барқарорликни таъминлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга боғлиқ 2021 — 2024 йилларда амалга оширилиши белгиланган 7 та йўналишдаги 71 та тадбирдан иборат «йўл харитаси» тасдиқланди.
Чўлга чидамли ўсимликлар экилмоқда
Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Орол денгизининг суви қуриган майдонларида «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш мақсадида бир қатор топшириқлар белгилаб берилди. 2018 йилнинг декабрь ойидан эса Орол денгизининг суви қуриган тубида саксовул экиш ишлари амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, 2018-2023 йил қиш-баҳор мавсумларида жами 1,7 млн. гектардан ортиқ майдонларда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан янги ўрмонзорлар барпо этилди ҳамда ушбу ишларни амалга ошириш учун жами 7 минг тоннага яқин чўл ўсимликлари уруғлари сарфланди.
Бундан ташқари, Орол денгизи тубида 2022-2026 йилларда 500 минг гектар, шундан жорий йилда 100 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилиши белгиланган. Бу ишларни давом эттириш мақсадида жорий йилда 112,5 минг гектар майдонга саксовул, қандим каби сувга чидамли ўсимликлар экилди. Қорақалпоғистон Республикаси давлат ўрмон хўжаликлари томонидан 5 минг гектар майдонда 5 млн дона кўчатдан «яшил қопламалар» барпо этилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Орол денгизи тубини кўкаламлаштириш ишлари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ушбу лойиҳа минтақа бўйлаб чанг ва туз тарқалишининг олдини олишга ёрдам бермоқда. Ва бу амалий ҳаракатлар давом этади.