2010 ва 2020 йиллар, шубҳасиз, фильмлар тарихига сиквел ва приквеллар даври сифатида кирди. Аммо шу билан бирга, айнан шу даврда рекорд даражадаги машҳур фильмларнинг муваффақиятсиз давомлари тўлқини пайдо бўлди.
“Жокер”: Биринчиси — 1,079 млрд, иккинчиси — 204 млн доллар
2019 йилда Тодд Филипснинг “Жокер” фильми жаҳон прокатидан 1,079 миллиард доллар даромад олди. Бюджет атиги 70 миллион доллар бўлганини ҳисобга олсак, муваффақият жуда катта эди. Фильм IMDb’да 8,4 балл билан барча даврларнинг энг яхши фильмлари рўйхатига кирди.
2024 йилда “Жокер: икки кишилик телбалик” 200 миллион бюджетга эга бўлиб, атиги 204 миллион доллар маблағ тўплаган. Фильм рейтинги — атиги 5,3.
“Капитан Marvel”: Биринчиси — 1,31 млрд, иккинчиси — 206 млн доллар
“Капитан Marvel”нинг биринчи қисми “Қасоскорлар”нинг муваффақияти тўлқинида 2019 йилда чиқди ва 1,31 миллиард доллар ишлаб топди. Картинанинг бюджети 175 миллион, рейтинги эса 6,8 эди.
Иккинчиси эса бутунлай бошқа шароит — томошабинлар суперқаҳрамонлик ҳикояларидан чарчаган ковиддан кейинги 2023 йилда экранларга чиқди. Фильм ҳамманинг ҳафсаласини пир қилди — ижодкорлар 219 миллион доллар бюджетдан 206 миллион доллар даромад олди. Фильмнинг рейтинги — 5,5.
“Алиса”: Биринчиси — 1,025 млрд, иккинчиси — 299 млн доллар
2010 йилда “Алиса мўжизалар мамлакатида” фильми муваффақиятидан мультфильмларнинг оммавий равишда фильмларга айланиши ва севимли классик картиналарнинг янги версияларини яратиш тўлқини бошланди. 200 миллион бюджет билан фильм 1,025 миллиард доллар ишлаб топди. Унинг рейтинги — 6,4.
Фильмининг иккинчи қисми “Алиса кўзгу ортида” 6 йилдан сўнг чиқиб, муваффақиятсизликка учради — 170 миллион бюджет билан фильм жаҳон прокатида атиги 299 миллион доллар тўплади. Рейтинг — 6,2.
“Аквамен”: Биринчиси — 1,152 млрд, иккинчиси — 434 млн доллар
2018 йилда “Аквамен”нинг чиқиши омадли бўлди. 200 млн бюджетли картина 1,152 млрд ишлаб олди. Рейтинг — 6,8.
Фильмнинг узоқ кутилган давоми эса 2023 йилда чиқди ва унчалик муваффақиятли бўлмади. 215 миллион бюджет билан фильм жаҳон прокатида 434 миллион доллар йиғди. Рейтинг — 5,6.
“Ғаройиб аёл”: Биринчиси — 824 млн, иккинчиси — 170 млн доллар
“Ғаройиб аёл” 2017 йилда аёл қаҳрамонлар ва аёл режиссёрларни янги босқичга олиб чиқадиган шов-шувли воқеа сифатида эътироф этилган. Картина 150 миллион доллар бюджет билан 824 миллион доллар ишлаб топди. Рейтинг 7,3 баллни ташкил этди.
Давоми 2020 йилда чиқди ва муваффақиятсизликка учради. 200 миллион бюджетли фильм 170 миллион доллар ишлади. Рейтинги — 5,4.
“Жоду салтанати”: Биринчиси — 814 миллион, учинчиси — 407 млн доллар
2016 йилда чиққан биринчи фильмнинг прокат кўрсаткичлари бир оз яхши эди — 814 миллион, бюджет эса 180 миллион доллар. Фильмнинг рейтинги — 7,2.
Бироқ иккинчи қисм деярли 200 миллион доллар камроқ — 654 миллион доллар ишлаб топди. Учинчиси эса 200 млн долларли бюджет билан атиги 407 млн даромад қилди. Рейтинг — 6,2. Режалаштирилган яна иккита фильм бекор қилинди.
“Матрица”: Иккинчи — 742 млн, тўртинчиси — 156 млн доллар
“Матрица”нинг биринчи ва учинчи қисмлари ижодкорларига 400 млн доллар фойда келтирди. Иккинчи қисм эса энг муваффақиятли бўлди — 2003 йилда у 150 миллион бюджет билан 742 миллион доллар ишлаб топди. Биринчи қисмларнинг рейтинги 7 баллдан пастга тушмади ва трилогия култ фильмга айланди.
2021 йилда бутун дунё ҳикоянинг давомини қизиқиб кутди. Бироқ “Матрица: Тирилиш” рекорд даражада ёмон чиқди. Фильм 190 миллион доллар бюджет билан 156 миллион доллар ишлаб топди. Рейтинг — 5,6.